«Қўш ҳокимият» – бўш ҳокимият
Венесуэлада юзага келган сиёсий беқарорлик ўзининг авж пардаларига чиқмоқда. Йигирма кундан ошдики, Лотин Америкасидаги бу мамлакат бошқарувида икки президент фаолият кўрсатмоқда.
Шу йил 10 январда Николас Мадуро ўз президентлигининг иккинчи муддатига киришган эди. Мухолиф кучлар кўпчиликни ташкил қиладиган парламент бунга тўлиқ қарши чиқди ва Мадуронинг иккинчи муддатга бошқаруви ноқонуний, деб эълон қилди.
Николас Мадуро эса қонуний сайланган ўз лавозимини шунчаки тарк этмаслигини, ваколат муддати фақат 2025 йилга бориб тугашини очиқ айтмоқда.
Шу йилнинг 23 январида оммавий тартибсизлар шароитида Парламент спикери Гуайдо ўзини ўзи Венесуэланинг вақтинчалик президенти деб эълон қилиб юборди.
Амалдаги президентни истеъфога кетишга, навбатдаги президентлик сайловларини ўтказишга чақирди. Шу тариқа вужудга келган қўш ҳокимият сиёсий рақобатдан фуқаролар урушига айланиб кетиш хавфи пайдо бўлди.
Энг қизиғи, ўзини ўзи президент деб эълон қилган кимсани АҚШ, Канада, Лотин Америкаси мамлакатлари – Бразилия, Аргентина, Перу, Чили, Парагвай, Гондурас, Коста-Рика, Панама, Боливия, шунингдек, Чехия, Португалия, Франция, Швеция, Буюк Британия, Австрия, Нидерландлар, Германия, Дания, Чехия, Польша, Эстония, Латвия, Литва, Финляндия, Исроил ва Австралия тан олди ва қўллаб-қувватламоқда.
Гуайдо ўз вакилларини ушбу давлатларга музокаралар олиб бориш ва молиявий ёрдам олиш учун кетма-кет юбормоқда. Бу ишларининг самараси ўлароқ, АҚШнинг аёллар ва болаларга инсонпарварлик ёрдами 12 февралда мамлакатга етиб келганини айтиб, аҳолини ўзига қўшилишга чақирмоқда.
Хўш, агар Гуайдонинг бу ишлари қонунга ва конституцияга зид экан, нега шу вақтгача у ва унинг маслакдошлари ҳибсга олиниб, қонуний чора кўрилмаяпти? Мадуронинг бундай иродасизлиги ва ожизлиги ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун салоҳият ва маҳоратга эгалигини катта сўроқ остига қолдироқда.
Олий суд аллақачон Гуайдонинг қарорини бекор қилган. Прокуратура тергов ҳаракатларини олиб бораяпти. Боз устига, унинг мамлакатда мустаҳкам сиёсий таянчи йўқлиги ҳам айтилмоқда.
Венесуэла Конституциявий ассамблеяси раиси биринчи ўринбосари, Ягона социалистик партия раиси ўринбосари Таня Диаснинг айтишича, «мухолифда ташкилий тармоқ мавжуд эмас. Мадуро тарафдори бўлган партиямизда эса 13,6 минг ҳудудий бўлимлар бор. Бу тузилма бутун мамлакат бўйлаб одамларни сафарбарликка чақиришга қодир».
Демак, Мадуро ҳозир биринчи навбатда, қўш ҳокимиятга йўл қўймаслик чораларини кўриши керак. Гуайдони ушлаб қамаса, халқаро босимлар янада кучайишидан қўрқмоқда.
Оч қорним – тинч қулоғим
Венесуэлада охирги 20 йил давомида социализмча иқтисодий бошқарув ҳалокатли оқибатларга олиб келди. Одамлар бугун ҳақиқатдан оч қолди.
Биргина ўтган йили инфляция 1,7 миллион фоизга ўсди. Дўконлар бўшаб қолмоқда, нархлар эса осмонга ўрлаяпти, дори-дармон етишмайди.
Оддий одамнинг ўртача бир ойлик маоши 15-20 доллар. Бироқ бозорда бир кило картошканинг нархи 3 доллар, пиёз 2 доллар, гўшт 15 доллар. Бундай шароитда бир ойлик иш ҳақига бир пакет маҳсулот келмаяпти-да. Улар ўз кунини қандай ўтказади?
«Қора олтин» захираси катталиги бўйича (300 миллиард баррель) дунёда биринчи ўринда турса-да, ҳатто бензинни ҳам импорт қилмоқда. Чунки нефтни қайта ишлаш корхоналари тўла қувват билан ишламаяпти, хом-ашё экспортига суяниб қолинган.
Ташқи қарзи 150 миллиард долларга етди. Бу қийинчиликларга нефтнинг жаҳон бозорида нархи тушгани бир сабаб бўлса, АҚШнинг ўзига хайрихоҳ бўлмаган мамлакатга нисбатан тизимли ва узоқ муддатдан буён қўллаётган санкциялари ҳам ёмон таъсир қилди. Президент Барак Обама бошқаруви йилларида қўллаган санкциялар туфайли иқтисодиёт бутунлай издан чиқди.
Уго Чавес мамлакатни идора қилган пайтларда Венесуэлада 5,6 миллион колумбиялик, 400 минг эквадорлик ва шунча перуликлар истиқомат қилар эди.
Ҳозир эса қора қозонини қайнатиш учун ўзлари четга чиқиб кетишга мажбур бўлишмоқда. Ҳозир 3 миллион фуқаро хорижда умргузаронлик қилмоқда. Жумладан, қўшни Колумбиядан 1,2 миллион венесуэлалик оғир шароитларда яшаяпти. Эквадор, Перу, Чили, Бразилия ва Аргентинада бир неча ўн минглаб мигрантлар бор. Атлантика оша Испаниядан қўним топганлар сони 270 минг кишига етди.
Николас Мадуронинг ҳар ойда ижтимоий дастурларга 120 миллион доллар йўналтириб тураётгани ҳам 32 миллионли аҳоли учун кутилган самарани бермаяпти. Чунки бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларидан баҳраманд бўлаётган эҳтиёжмандлар сони 6 миллион кишидан ошмайди. Озиқ-овқат етишмаслиги сабабли 300 минг одам очлик азобини бошидан кечирмоқда.
Четдан етказиб берилаётган гуманитар ёрдам юкларини Мадуро АҚШнинг махсус хизматлари ўз ғаразли мақсадларида фойдаланмоқда, деган важ билан чегарадан ўтказмаяпти. Ваҳоланки, бу ёрдам ҳозир қийналган аҳоли учун жуда муҳим ва буни холис халқаро ташкилотлар кўмагида эҳтиёжманд қатламларга етиб боришини таъминланса бўлади.
Қашшоқлик албатта, ёмон. Лекин уруш ҳақиқий фожеа эканини одамлар яхши тушунади. Тарихий қаҳрамон Боливарнинг озодлик руҳи билан суғорилган аҳоли АҚШнинг мамлакатга бостириб киришини, кўп қурбонлар берилишини ва вайронагарликлар юзага келишини сира-сира исташмайди.
Шу сабабли Гуайдонинг ҳокимиятни эгаллаш мақсадида хорижий кучларни киришига рухсат бериши ҳақидаги фикри уларнинг ҳафсаласини пир қилди. Одамлар қон оқиши эвазига ўрнатиладиган ҳар қандай «демократия» ва «фаровон ҳаёт»ни ўзларининг мағлубияти деб қабул қилади.
Гуайдо ташқи кучлар шарофати билан ҳокимиятга келган тақдирда ҳам Оқ уй измидан чиқа олмайдиган қўғирчоқ сиёсатчига айланади-қолади.
Армия ким томонда?
Замонавий қуролланган ва яхши жанговар тайёргарликка эга армия ҳозирча Мадурога садоқат кўрсатмоқда.
10-15 феврал кунлари ҳарбийлар ва ўзини ўзи ҳимоя қилувчи халқ бўлинмаларининг «Ангостура-200» ҳарбий ўқув машқлари ўтказилаяпти. Унда Россия ва Хитойлик ҳарбийлар ҳам қатнашаётгани айтилди.
Миранда штатидаги амалиётларда иштирок этган президент Мадуро шундай деди: «Армиямизда профессионаллар хизмат қилади. Улар ўз ҳаётини мамлакат ва халқ учун беришга тайёр. Бироқ улар ягона куч эмас. Асосий қудратимиз – Венесуэла фуқароларидир. Биз тинч мамлакатмиз ва ҳеч ким билан урушмаймиз. Бироқ бизга ҳам бошқалар душманлик қилмасин ва таҳдид солмасин».
Венесуэла армияси жанговар қобилияти қитъада АҚШ ва Бразилия кучларидан кейин учинчи ўринда деб баҳоланади. Аммо армия ичида бўлиниш бошланса ёки унга қарши ҳаракат қилиб қолса, Мадуронинг аҳволи танг бўлади.
Армия ҳокимият алмашуви жараёнида ҳал қилувчи куч эканлигини яхши англаган Гуайдо бунга эришиш учун улар билан яширин музокаралар олиб бормоқда.
Феврал ойи бошида Ҳарбий-ҳаво кучлари бош қўмондонлиги стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи, генерал Франсиско Эстебан Янес Родригес Гуайдони қўллаб-қувватлашини билдирган ва ўз дўстларини қурол-яроқни халққа нисбатан қўлламасликка чақирган эди.
Яқинда Венесуэланинг Вашингтондаги элчихонаси ҳарбий атташеси Хосе Луис Сильва ҳам мухолифат томонга ўтиб кетган эди.
Венесуэла қуруқлик кучлари полковниги Рубен Альберто Паз Жименес ҳам Гуайно тарафига ўтиб, намойишчиларга қўшилди.
«Мадуро аскарлардан ўз ҳукуматини сақлаб қолиш учун фойдаланмоқда. Келинглар, қўрқоқмас, ботир бўламиз. 90 фоиз қуролли кучлар ундан норози», деб айтди Жименес.
Бу каби бошқа тарафга ўтиб кетиш фактлари оммавий тус оладими ёки онда-сонда бўлиб турадими, бунисини вақт кўрсатади.
Ташқи кучларнинг ҳаводан ёки қуруқликдан тўғридан тўғри бостириб кириш ёки бомбалар зарбалари ва катта талофатларга олиб келиши мумкин. Чунки армия Россиянинг замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан жиҳозланган.
Вашингтон нима қила олади?
Американинг мақсади аён. Шундай биқинидаги мамлакатни Россия ва Хитойнинг тўлиқ назоратига тушиб қолмаслиги керак, уни ўзига иттифоқчи давлатга айлантириши лозим.
Бироқ АҚШ ўз режасини тезликда амалга ошира олмаслигини ҳам яхши тушунади. Шу сабабли аввал бошданоқ секин ҳаракатланиш режаси ишлаб чиқди. Бунда Корея ва Вьетнам, Ироқ ва Афғонистондаги муваффақиятсизликлар албатта, инобатга олинган.
Иқтисодиёти заиф давлат билан «паст жадалликдаги можаро» тамойили ёрдамида курашмоқда. Бу амалиёт тўртта воситани – санкциялар, тарғибот, яширин уруш ва ҳаводан бомба зарбалари беришни назарда тутади.
Ҳозир биринчи иккита дастак фаол қўлланилмоқда. Шубҳасиз, иқтисодий ва ахборот уруши тартибсизликларни келтириб чиқарди, бироқ ҳукумат ағдарилмади.
Аввало давлатнинг иқтисодий асосларини издан чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, шу вақтга қадар қўлланиб келинаётган санкциялар механизми янада кучайтирилди.
Лотин Америкаси стратегик геосиёсат марказининг ҳисоботида таъкидланишича, 2013 йилдан буён қўлланилаётган молиявий санкциялар натижасида мамлакат жами 350 миллиард доллар зарар кўрди, гуманитар ва миграция муаммоси кучайди.
Расмий Вашингтон «PDVSA» нефть компаниясининг АҚШдаги 7 миллиард долларлик активларини амалдаги ҳукуматга қайтармасликка қарор қилгани ҳам оғир зарба бўлди.
ОПЕКдан АҚШ санкцияларини қоралаш бўйича сўровига ҳам рад жавобини олди. Картел вакиллари ташкилот сиёсий курашдан эмас, балки нефть сиёсатидан манфаатдор эканлигини чиройли қилиб тушунтириб қўйишди.
Бу босқичлардан кейин АҚШ ҳарбий аралашувни ҳам истисно қилмаяпти. Албатта, ҳужум масаласи БМТ Хавфсизлик кенгашига қўйса, беш доимий аъзонинг камида иккитаси – Россия ва Хитой ҳужжатни қўллаб-қувватламайди.
Мустақил равишдаги бир томонлама ҳаракатлар оқибати оғриқли бўлишга қарамай, «катта оға» исёнчи кучларни қурол-аслаҳа билан таъминлашга интилаётгани сир эмас.
Венесуэла Миллий гвардияси ва бошқа тузилмалар Крабобо штати Валенсия халқаро аэропорти омборидан исёнчиларга хориждан юборилган катта миқдордаги қурол-яроқларни топгани ҳам бундан далолат беради.
Ҳозирги босқични «гибрид уруши», деб ҳам атаса бўлади. Бунда Венесуэла чегарасини армия бевосида босиб ўтмайди, балки испан тилини яхши ўзлаштирган ҳарбий йўриқчилар ҳудудга яширин кириб олиб, мухолифатга қуролли кураш олиб бориш усулларини ўргатади. Бу вариант кутилган самарани бермаса, охирги – қўшинларга тўлиқ ишга солиш йўли қолади.
Қўшин киритилса, АҚШ шубҳасиз, ҳарбий тактик ғалаба қозониши мумкин, аммо стратегик сиёсий мағлубиятга учраш эҳтимоли ҳам юқори. АҚШ бу ердаги иттифоқчилари, масалан Колумбия ва Бразилия ҳудудидан аскарларни Венесуэага киритиши ҳам мумкин. Лекин бу мамлакатлар воқеалар бундай кескин тус олишини истамайди.
Шу тариқа минтақа анча вақт тинчимайдиган уруш исканжасига қолиб кетиши мумкин. Венесуэла қочоқлари қўшни давлатларга суқулиб кириб, уларнинг ҳам сиёсий-иқтисодий муаммоларга тортиши муқаррар.
Шундоқ ҳам миграциядан жони халқумига келган АҚШ Мексика билан чегара деворини тортаётган бир пайтда уруш олови ёнса, Лотин Америкасидан миллионлаб муҳожирлар бу омонат чегарага ёпирилиб келади.
Руслар ва хитойлар Мадурони сақлаб қоладими?
Венесуэла – Лотин Америкасида Россиянинг энг йирик иттифоқчисидир. Бу ерга 17 миллиард долларлик сармояларни киритган ва дўст ҳукуматига қарз берган.
Катта миқдорда қурол-яроқни экспорт қилмоқда. 2005-2018 йилларда 12 миллиард долларлик ҳарбий техникалар етказиб берилди. «Роснефть» компанияси ер ости бойликларини биргаликда ўзлаштириш лойиҳаларига 7 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритди.
Қолаверса, агар Венесуэла нефть захираларини АҚШ ўз назоратига оладиган бўлса, жаҳонда «қора олтин» нархларига таъсир кўрсатувчи қудратли ричакка эга бўлади. Асосий экспорти нефть бўлиб қолаётган Россия бундай шароитда шахмат тахтасида катта мағлубиятга учрайди.
Руслар Венесуэлага ҳар қанча исташмасин, Суриядаги каби улкан ёрдамни кўрсата олмайди. Жўғрофий олисда, уларни камида 10 минг километрлик масофа ажратиб туради. Шу сабабли савдо айланмаси ҳажми ҳам анча кам, 2018 йилда 90 миллион доллар атрофида бўлди.
Лекин Путиннинг сиёсий характеридаги кутилмаган қарорлар қабул қилиш принципи ҳисобга олсин-са, вазият Мадуро учун инқирозли даражада қалтис тус олганда ҳарбий ёрдам бериш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Ана унда вазият жуда чигаллашади ва урушга бошқа томонлар ҳам тортилади.
Ўз навбатида, Гуайдо ҳокимиятга келса ҳам Россия ва Хитой олдидаги кредит-молиявий мажбуриятларини бажариши керак. Шу сабабли ҳозир Россия қизишмасдан, сиёсий-дипломатик ва гуманитар рағбатга асосий диққатини қаратмоқда.
У ўзга давлатларнинг ички ишларига аралашув халқаро меъёрларнинг қўпол бузилиши ва тинчликка раҳна солувчи зўравонлик, дея бонг урмоқда.
Мадурони айни пайтда Россиядан ташқари, Хитой, Эрон, Туркия, Беларусь, Мексика, Уругвай, Боливия, Куба, Никарагуа, Сальвадор, Сурия, Индонезия, Фаластин давлатлари ҳам қўллаб-қувватлашини билдирди.
Ҳарбий аралашувига ким қандай муносабатда?
Испания ҳар қандай ҳарбий аралашувга қарши.
Италия эса Европа Иттифоқи давлатларининг Венесуэла бўйича бир томонлама қарорини блокировка қилиб қўйди.
Хитой эса бу ишлар унга ёқмаётганини яширмаяпти. Чунки 70 миллиард долларга яқин инвестиция киритиб қўйган, 20 миллиард долларга тенг лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шу сабабли унинг бирор томонни тўлиқ қўллаб-қувватлаши эҳтимолдан жуда йироқ.
Чунки, ҳозир у ўзиннинг асосий ташқи эътиборини Осиё ва Тинч океани минтақасига қаратган. АҚШга қарши кичик бир хатти-ҳаракати ҳам Вашингтоннинг кескин жавоб қайтариши учун яхши баҳона яратиши мумкин.
Шунинг баробарида Пекин ўз эҳтиёжлари учун нефть сотиб олиш ҳажмларини кўпайтириш орқали Венесуэлага салмоқли моддий ёрдам беришга қодир.
Навбатдаги инқирозга ечим борми?
Ечим Мадуронинг ўз қўлида. Халқни рози қилиш керак. У иқтисодиётда туб ислоҳотлар ўтказиши, бюджетдаги улкан тақчилликни ҳал қилиш йўлини топиши керак. Бюджетни фақат нефть сотувидан тушадиган тушумларга қараб шакллантириш билан бир фойдали иш чиқмаслиги аниқ.
Қўшимча валюта топишнинг йўлларидан бири сифатида у олтин ишлаб чиқариш ҳажмларини шу йил биринчи чоракда 3 баробарга, нефть қазиб олишни йил ўрталарига бориб 2,5 миллион баррелга оширишни кўрсатмоқда.
Ҳиндистонга ҳам амалдаги 380 минг баррел нефть етказиб бериш ҳажмларини икки баробарга ошириш ниятида.
Мухолифатга ён берилдими?
Мадуро мухолифатга ён бериб, парламент сайловларини муддатидан олдин ўтказишга розилик билдирган.
Томонлар ўртасида халқаро ҳамжамият иштирокида мулоқот платформасини яратиш ҳам жуда зарур. Мадуро шу мақсадда ташкил қилинган «Монтевидео механизм»ини ҳам қўллаб-қувватламоқда.
Уругвай пойтахти Монтевидеода бўлиб ўтган биринчи мулоқот гуруҳи йиғилишида Европа дипломатияси раҳбари Федерика Могерини ва 8 давлат (Германия, Испания, Италия, Нидерландлар, Португалия, Буюк Британия, Франция ва Швеция), Лотин Америкасидан Боливия, Коста-Рика, Уругвай, Эквадор ва Мексика қатнашди. Аммо якунда аниқ бир натижага эришилгани йўқ.
Кейинги мажлис март ойида вазирлар даражасида кечади. АҚШ бу гуруҳ тузилишига қарши бўлаяпти.
Ўзи охирги йилларда Сурия, Ироқ, Ливиядаги инқирозларни ҳал қилишда ўрни айтарли сезилмаган БМТнинг глобал хавфсизлик муаммолари ечимида ташаббусни қўлга олиши ва аралашуви жуда муҳим.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш халқаро ташкилот ҳеч бир томон ёнини олмасдан Венесуэладаги можаролашаётган кучларга мулоқот ўрнатишлари учун ёрдам беришга тайёрлигини айтди.
«БМТ ва мен ҳар икки томонга ҳам шахсан ёрдам таклиф этаяпман. Агар менинг жиддий музокаралар ўтказиш бўйича илтимосим амалга ошса, Венесуэла қарама-қаршиликдан чиқишга эришади», деди ишонч билан Антониу Гутерриш.
Аммо БМТ Хавфсизлик кенгашида Россия ва АҚШнинг азалий ва бир-бирига ён бермаслик бўйича дипломатик баҳслари қизғин давом этмоқда...
Л.Ҳасан ўғли
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter