Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

«Қўқон шамоли» — оддий бўлмаган оддий фильм

«Қўқон шамоли» — оддий бўлмаган оддий фильм

Фото: «Telegram»

Охирги йилларда Қўқон мавзуси трендга чиқиб қолганини сезяпсиз, чоғи. Гап фақат яқинда ўтган фестивалда эмас, албатта.

Шанба куни «Қўқон шамоли» фильмининг ёпиқ премьерасида бўлдик. Фильм ҳақида фикрларим бир-бирига қарши, таассуротларим қоришиқ.

Аввало, ютуқлар ҳақида

Мавзу ва давр жуда тўғри танланган. Фильм бундан уч аср илгари Қўқон хонлигининг энг ёрқин ва зиддиятли даври ҳақида ҳикоя қилади. Яъни шоира Нодирабегим ва унинг турмуш ўртоғи Амир Умархон ҳақида.

Амир Умархонни Нодирабегимнинг эри сифатида тилга олишимда асло феминистик асос йўқ, шунчаки одатга кўра айтдим. Чиндан ҳам бизда доим Моҳларойим сиймоси эридан устунроқ, баландроқ қўйиб келинган (совет пропагандаси таъсири). Фильм шу афсонани йўққа чиқаришга ҳаракат қилади, яъни давр ва воқеалар марказига Умархонни олиб чиқади. Олиб чиққанда ҳам шоир эмас, ҳукмдор сифатида кўрсатишни мақсад қилиб олади.

Хонликлар даври, хонлар саройи, тахту салтанат катта фитналар ва фожиалар макони экани сир эмас. Фильм шундай фитналардан бирини фош қилиш устига қурилган, яъни Амир Умархоннинг тахтга ўтиришини легитим эканини исботламоқчи. Чунки тарихда Умархон акаси Олимхонни ўлдириб тахтга чиқди, кейин эса жияни ўсмир Шоҳрух мирзони ҳам ўлдириб, тахтини даъвогарлардан холи қилди деган қараш бор. Ижодкорлар Умархонни оқлашни истайдилар ва бунга бир қадар муваффақ ҳам бўладилар.

Умархон ва Нодирабегим ролига танланган актёрлар менга жуда ёқди, шунчаки экранда чиройли кўриниб қолмай, ўзига хос жозибаси ва виқори бор, «фактурный» актёрлар экан.

Жанг саҳналари динамикали, ишончли ва қизиқ чиққан.

Эсда қоладиган саҳналари ҳам бор: масалан, фитначи кампирнинг бўрига тириклай ем қилиниши (кампир, айтганча, Йўлдош Аъзамовнинг «Ўткан кунлар» фильмидаги айёр Жаннат холага қуйиб қўйгандек ўхшайди).

Яна бир муҳим жиҳат: режиссёр Дилмурод Масаидов бугунги кунда ўзимизда олинаётган тарихий фильмлар учун урф бўлган «Муҳташам юз йил» ёки «Жумонг» каби сериалларга эргашиш анъанасидан воз кечган. Ўзимизга қадрдон «Навоий» ёки «Бобур» видеосериаллари анъанасини давом эттиргани менга ёқди.

Раҳматли актриса Гулбаҳор Йўлдошева эса алоҳида мавзу — амирлар Олимхон ва Умархоннинг онаси Улё хоним ролини маромига етказиб ўйнаш билан бирга (Гулбаҳор опанинг маромига етмаган ролини билмайман), оғир касал ҳолида, саратон билан кураша туриб умрининг сўнгги кунларида ишни ниҳоясига етказгани қойил қолдиради, таъсирлантиради, картина учун қайғули ҳам айни вақтда ёддан ўчмайдиган чизги беради. Улё хоним образи асардаги асосий персонажлардан, жараёнга камертон вазифасини ўтаган шахс бўлиб гавдаланган. Кучли шахсга — кучли образ.

Энди камчиликлари тўғрисида

Назаримда, фильм бироз чўзилиб кетган. Томошабинни киприк қоқмай ўтиришга мажбурлайдиган нимадир етишмаяпти. Бир ташқарига чиқиб келсангиз ҳам, кўп нарса йўқотмайдигандексиз.

Кўп саҳналар тет-а-тет ва давра суҳбатларига кетиб қолган. Яъни динамика, сюжет эврилишлари, кульминация бўртиқлиги етарли даражада эмасдек туюлди. «Термизий» фильмида ҳам шундай ҳис пайдо бўлганди.

Картина катта фитнани фош қилишга бел боғлаган, лекин ўша фитна сюжетга тўлиқ сингдириб юборилмай, энг қаймоғи, яъни муҳим тафсилотлари ва ечими бир персонаж тилидан икки оғиз гап билан айтиб қўяқолинди. «Вау» эффект бўлмади, хуллас.

Ижодкорлар «биз шоир эмас, шоҳни кўрсатмоқчи эдик» деганлари учун бир картинада учта забардаст шоири даврон (Амирий, Гулханий, Нодира) бўлгани ҳолда, уларнинг биронта шеъри ўқилмаганини, майли, кечирамиз (йўқ, сал адашдим, Гулханий ва Амирийдан бир-икки байтлар айтилди.).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, катта бюджетли «Скорпион»дан яхшироқ асар (бюджети уларга нисбатан камхарж экан, билсак). Ўсиш бор. Аммо тарихий фильмлар суратга олиш мактабини бой берганимиз сезиляпти ва бу соҳада ҳали қилинадиган ишлар кўп. Айниқса, қозоқларнинг «Тўмарис» фильмига ишланган трейлерни кўриб, аламдан йиғлаворай дедим...

Лекин, барибир, «Қўқон шамоли»ни бир кўриш керак: тарихни ўрганиш, хулоса чиқариш, чиройли саройлар, костюмлар, персонажлар ва жанг саҳналаридан мазза қилиб баҳра олиш учун.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг