Қирғизистон махсус хизмати раҳбарига суиқасд режалаштирган шахс ушланди – ОАВ
Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноят оламида «Рус Коен», «Руслан Бостеринский» лақаблари билан танилган Руслан Дуйшеевни қамоққа олди.
Қирғиз матбуоти хабарига кўра, ушбу шахс Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиевга қарши суиқасд қилишни режалаштирган.
Тергов идораларидан яшириниб келган 41 ёшли Руслан Дуйшеев Жалолобод вилояти Тўқтагул туманида жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштириш моддаси бўйича очилган жиноят иши доирасида қўлга олинган.
Мамлакат ҳуқуқ идораларига кўра, Р.Дуйшеев ўтган йили ўлдирилган жиноий авторитет Қамчибек Колбаевнинг (Қамчибек Асанбек) яқин сафдошларидан бўлиб, Иссиқккўл тумани Бостери ҳудудига норасмий равишда назоратчилик қилган.
Муқаддам босқинчилик, қотиллик каби жиноятларда айбланиб судланган ушбу шахсга бу гал уюшган жиноий гуруҳ тузиш айби қўйилмоқда.
Қирғизистон МХДҚ Қ.Колбаев бошчилик қилган жиноий гуруҳ аъзоларини аниқлаш ва қўлга олиш бўйича амалиёт давом эттирилишини маълум қилган.
Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил 4 октябрь куни Қирғизистон махсус хизматлари Бишкекда ўтказган амалиёт чоғи нафақат мамлакат, балки МДҲ минтақасида ҳам отнинг қашқасидек таниқли бўлган жиноий авторитет Қамчибек Колбаев ўлдирилганди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари «қонундаги ўғри» қаршилик кўрсатгани сабабли отиб ташланганини билдирган.
Бунинг ортидан Қирғизистон МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев мамлакатдаги уюшган жиноий гуруҳ вакилларини кескин огоҳлантирганди.
«Эндиликда мамлакатимизда «қонундаги ўғри»лар, уюшган жиноий гуруҳ ва тўда раҳбарларига ўрин йўқ!» – деб баёнот берган махсус хизмат раҳбари.
Таҳлилчиларга кўра, «Коля қирғиз» лақаби билан танилган Қ.Колбаевнинг ўлдирилиши мамлакатда жиноий тўдаларга қарши шафқатсиз уруш очилганидан далолат беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter