«Қашқадарёдаги кўприк демонтаж қилиняпти: қайта тиклаш масаласи, ҳозирча кун тартибида эмас»
Жорий йилнинг 5 май куни кучли ёмғир оқибатида Қашқадарё дарёсининг бир ирмоғи саналган Танхоз дарёсида сел-тошқини юзага келган ва Чироқчи ҳамда Шаҳрисабз туманларини боғлаб турувчи маҳаллий аҳамиятга эга кўприкни бузиб юборган эди.
Мазкур ҳодиса қатор ОАВ ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида қисқа муддат шов-шув бўлди, расмийлар ўз муносабатини билдирди ва шу билан гуёки муаммо ҳал бўлди: тинчиб кетди.
Бироқ бир муддат олдин таҳририятимизга келиб тушган мурожаатдан сўнг ҳолат расмийлар билдирганидек эмаслигини, аксинча маҳаллий аҳолининг қўшни туманга қатновга қийналаётгани етмаганидек, дарё ўзани аҳоли томорқаси ва ички йўлларига яқинлашиб қолгани аён бўлади.
Ўз вақтида эса Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги (кўприк Шаҳрисабз тумани Ободонлаштириш бошқармаси ҳисобидаги ички хўжалик йўлларини боғлаб турган) кўприкнинг қулаб тушгани «аҳоли қатновига қийинчилик туғдирмаслигини, чунки қишлоқда яна битта кўприк бўлиб, у соз ҳолатда эканини» билдирган. Қисқа қилиб айтганда, ҳокимлик муносабатида кўприкнинг қайта тикланмаслигига шама қилинади.
Бундай дейишимизга сабаб, ҳокимлик юқоридагига қўшимча, гарчи бу аҳоли муаммосини ҳал этмасада, кўприкнинг қурилиш тарихига бироз тўхталган. Айтилишича, асосини сел ювиб кетиши оқибатида қулаган кўприк 1985 йилида тошни майдалаш заводи томонидан ўзларига тегишли бўлган қум-шағал ва тош ташишга мўлжалланган оғир техникалар ўтиши учун қурилган. 2000 йилда завод фаолияти тугатилгандан сўнг кўприкдан маҳаллий аҳолининг кам қисми (таъкид ҳокимликники, -таҳр.) нисбатан яқин йўл сифатида фойдаланиб келган.
1988 йилда эса аҳоли ва транспорт қатнови учун ҳудудда яна бир кўприк қурилган. Ушбу кўприк айни пайтда техник соз ҳолатда ва «Пахтакор», «Сарой» ҳамда Чироқчи туманининг «Ҳайиткўл» маҳаллаларини боғлаб турувчи кўприк ҳисобланади.
«Дарёнинг икки тарафидаги фуқаролар билан мулоқот қилинганида улар қатновга қийналмаслиги, мазкур қишлоқда яна битта кўприк борлиги ва у соз ҳолатда эканини таъкидлашди», – дейилади ҳокимлик муносабатида.
Шу билан бирга Танхоз дарёсининг ушбу қисмида одатда (сел-тошқин ҳолатлари кузатилмаганида) бир-икки метр энликдаги сув оқиб ўтиши ва бу аҳолининг ҳаёти ва ҳаракатига хавф туғдирмаслиги таъкидланади.
Аммо, лекин…
Бироқ, таҳририятга келиб тушган мурожаатда аҳоли вакиллари, жумладан Чироқчи тумани Болсевар қишлоғи аҳолиси сел сувларининг қирғоқни ювиб кетиши натижасида дарё ўзани уйларига яқинлашиб қолганидан ҳавотирда. Улар, шунингдек кўприкка 4-5 йил олдин шикаст етиб бошлагани, аммо мутасаддилар бунга панжа орасидан қараб келганини айтишади.
«40 йилдан буён аҳолига хизмат қилиб келган кўприк нега бу аҳволга келди? Нега бузилди? Бизга шунинг сабабини расман билдиришсин-чи. Биз, аслида сабабларини биламиз: кўприк дарё ўзанидан доимий ва тартибсиз равишда қум-шағалнинг қазиб келиниши «қурбони» бўлди», – дейди маҳаллий аҳоли вакиллари.
Мазкур масалада Қашқадарё вилояти Экобошқармаси ахборот хизмати раҳбари Карима Ёдгорова билан боғландик.
Вилоят Экобошқармаси расмийсининг билдиришича, дарё ўзанларидан қум-шағал маҳсулотларини ноқонуний тарзда ковлаб олиш ҳолатларига чек қўйиш борасида мунтазам ишлар олиб борилади. Жумладан, жорий йилнинг январ ойида айнан кўприк қулаб тушган ҳудуд бўйича ҳам ўрганиш олиб борилган ва маҳаллий аҳоли вакилларидан бири бўлган А.Ш.нинг Қашқадарё дарёси ўзанидан 1 168 метр куб ва Танхоз ҳамда Қашқадарё дарёлари сув муҳофазаси зоналаридан 6 163 метр куб, жами эса 7 331 метр куб қум-шағал маҳсулотини қазиб олгани аниқланган. Фуқаронинг ушбу ҳуқуқбузарлиги ортидан табиатга жами 1 млрд 985,4 млн сўм миқдорида зарар етказилгани ҳисоб-китоб қилинган. Мазкур ҳолат юзасидан эса тўпланган ҳужжатлар вилоят экобошқармасининг 2024 йил 26 январдаги 02-13/144-сонли хати билан вилоят прокуратурасига юборилган.
Чироқчи тумани ҳокимлиги ҳам дарёнинг қирғоқ қисмлари мустаҳкамланаётганини билдириб, жумладан «дарё ўзани ичига қулаб тушган кўприкнинг бетон қисмлари махсус техникалар ёрдамида олиниб, қирғоқни муҳофаза қилиш ишлари олиб борилаётгани»ни айтган.
«Дарё узанида сув оқимига қаршилик кўрсатаётган кўприк қисмлари сувнинг дарё қирғоқларига урилиши ва қирғоқ қисмини кенгайишига олиб келаётганлиги аҳолини ташвишга солмоқда.
Аҳоли вакиллари билан бўлган учрашувда дарё қирғоқларни муҳофаза қилиш ва дарё узани кенгайиб кетишини олдини олиш юзасидан чора тадбирлар белгилаб олингани маълум қилинди», – дейилади Чироқчи тумани ҳокимлиги хабарида.
Шунингдек, туман ҳокимлигининг «xabar.uz»га маълум қилишича, Болсевар қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи сел йўлида қарийб 500 метрдан ортиқ масофада кенгайтириш, ўзан тозалаш ва қирғоқ мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилган.
Шаҳрисабз тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича етакчи мутахассиси Ғиёс Холдоровнинг таҳририятга билдиришича эса айни кунларда кўприкнинг қолган қисмини демонтаж қилиш ишлари кетяпти.
«Бу аҳолининг хавфсизлиги билан боғлиқ. Кўприкни қайта тиклаш масаласи эса, ҳозирча кун тартибида эмас. Маълумки, бунга 7-8 млрд сўм маблағ керак бўлади. Маҳаллий бюджетдан эса бунча маблағни ажратишнинг имкони йўқ.
Бироқ вилоят ҳокимлиги билан кўприкнинг ижтимоий аҳамияти ўрганиляпти. Агар ўрганишлар натижаси кўприкни қайта тиклашни тақозо қилса, бу учун бюджетдан маблағ ажратиш чоралари кўрилади», – дейди туман етакчи мутахассиси.
Жорий йилнинг 1 майидан бошлаб Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинган эди.
Президентнинг тегишли фармонига кўра, мораторий даврида қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш натижасида табиатга етказилган зарар учун ундириш суммалари 10 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter