Қашқадарёда 23 ёшли спортчининг жасади топилди
Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида 23 ёшли спортчи Ислом Каримов сувдан ўлик ҳолда топилди.
«Дарё» суриштирувига кўра, марҳум 2022 йилнинг 14 июль куни Қарши магистрал каналидан акаси томонидан топилган.
Укамни ғоввослар 12—13 июль кунлари излаб тополмагач, ўзим ва қариндошлар, ошна-оғайниларим бирикиб яна изладик ва 14 июль куни каналдан топдик. Сувдан чиққанда укамнинг жасади шишиб кетган эди. Тўғри, икки-уч кун сувдан қолган, шишади. Аммо укамда калтак излари ҳам бор эди-да. Қолаверса у сувга шунчаки чўкиб кетмайди. Спортчи йигит эди. Ҳолсизликдан ёки калтакланиб, соғлиғига зарар етганидан сўнг чўкиб кетган бўлиши мумкин, — дейди марҳумнинг акаси Дилшод Каримов.
Марҳумнинг акаси укаси воқеа жойига 2022 йилнинг 11 июль куни кечаси соат 23:00 дан сўнг дўсти томонидан «ишхонамдаги бир бола билан тортишиб қолдим», деб чақирилганини айтмоқда.
Ўша куни укамнинг дўсти укамга телефон қилиб, ишхонамда бир бола билан тортишиб қолдим деб, уни чақирган. Укам воқеа жойига борганда дўсти, ўзи ва бир таксичи бола бўлган. Иккинчи томондан эса 10-15 киши келган. Укамнинг оғайниси унинг сувга тушганини кўрмай қолган. Иккинчи томондагилар эса укам қочиш учун сувга ташлаганини, шундан кейин сувдан қайтиб чиқмаганини айтяпти. Укам сувда яхши сузарди. Ўзидан ўзи чўкиб кетиши мумкин эмас. У кўп калтакланиб, ҳолсиз бўлиб қолгани учун чўкиб кетган ёки сувга ташлаб юборилган деган тахминимиз бор, — дейди марҳумнинг акаси.
Дилшод Каримовнинг қўшимча қилишича, иш прокуратурага ўтган. Аммо ҳеч ким суриштирмаяпти.
Прокуратурага телефон қилсак, ҳеч ким жавоб бермайди. Экпертиза хулосасидан ҳам хабаримиз йўқ. Укамнинг дўстига телефон қилиб сўрасам, ҳали ҳеч ким терговга чақирмади деяпти, — дейди марҳумнинг акаси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter