Қашқадарёда 19 ёшли йигит тиш кавлайман деб игнани ютиб юборди
Жорий йилнинг 17 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиалига Ғузорлик 19 ёшли Озод Норматов фавқулодда тиббий ёрдамга муҳтож ҳолда келтирилди. Аниқланишича, йигит тикув игнаси билан тиш кавламоқчи бўлган, аммо эҳтиётсизлик оқибатида уни ютиб юборган, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Тиббиёт ходимларининг тезкорлик билан ўтказган текширувларидан сўнг уни Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг нейрохирургия бўлимига олиб боришга қарор қилинди. Икки тиббий муассасанинг малакали мутахассислари иштирокида ташкил этилган консилиумда жарроҳлар ҳамкорликда беморга ёрдам беришга кенгашиб олишди.
– Текширувлар вақтида игна учинчи бўйин умуртқасининг чап томонида эканлиги аниқланди, – дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиали директори Равшан Туляков. – Ноёб жарроҳлик амалиётини ЭОП (электрон-оптик преобразователь) ускунаси ёрдамида тажрибали хирурглар Сувон Бердиев ва Соат Темиров амалга оширишди. Ушбу амалиётнинг мураккаблиги шундаки, салгина эҳтиётсизлик қилинса, у оғир оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Чунки бўйин қисмида жойлашган катта қон томирлари ва асаб тизимига зарар етказмасдан игнани бўйин умуртқасидан чиқариб олиш амалиёти жарроҳлардан юксак малака ва маҳорат талаб этарди. Ва жарроҳларимиз буни муваффақият билан уддалашди. Жарроҳлик амалиёти асоратсиз тарзда амалга оширилди. Беморни яна соғлом ҳаётга қайтарганимиздан мамнунмиз.
Айни пайтда бемор ўзини жуда яхши ҳис этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter