Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қарор нотўғри бўлса, фуқарода нима айб? Адлия вазирлиги «снос»лар бўйича изоҳ берди

Қарор нотўғри бўлса, фуқарода нима айб? Адлия вазирлиги «снос»лар бўйича изоҳ берди

Дейлик, Сиз туман ҳокимининг қарори билан ажратилган ерда уй қурдингиз ва унга мулк ҳуқуқини тасдиқловчи барча ҳужжатларни олдингиз. Кейинчалик Сизга ер ноқонуний берилганлиги важ қилиниб, қарор бекор бўлиши ва уйингиз бузилиши маълум қилинди.

Ваҳоланки, Сиз ҳокимият ва бошқа идоралар тўғри ишлашига ва улар берган ҳужжатлар қонунийлигига ишониб уй қургансиз, қонунбузилишларга ҳеч қандай алоқангиз йўқ. Нега энди Сиз зарар кўришинингиз керак, бу «айбсиз айбдор бўлиш» эмасми?

Ҳуқуқий ечим қандай?

Юқоридаги каби ёки ҳар қандай давлат органи ҳужжатига ёки мансабдорнинг ҳаракати қонуний бўлишига фуқароларнинг ишончи ҳимояланиши керак. Бу ишонч бузилса, фуқарога барча зарарлар давлат органи томонидан қопланиши лозим.

Ҳуқуқ тизимида бу ишончни ҳимоя қилиниши принципи деб номланади. Унинг ғояси давлат органининг фуқаролар олдидаги масъулиятини ошириш, мансабдорларнинг қонунсиз ҳаракат қилишига йўл қўймаслик, маъмурий муносабатларда фуқаролар ҳуқуқи устуворлигини таъминлашдир.

Мазкур принцип Конституциямизнинг фундаментал ғоялари – давлатнинг халқ манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширишига тўла мос келади.

Конституциянинг 15-моддасида давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўриши белгиланган. Бу қоидани ким бузса, у жавобгар бўлади ҳамда ҳуқуқи бузилган томоннинг зарарини қоплайди. Чунки қонунларга давлат органи ҳам мансабдор ҳам фуқаро ҳам бирдек риоя қилиши керак.

Давлат органи ва мансабдорларнинг фуқаролар ва юридик шахслар билан маъмурий муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинган.

Қонуннинг 16-моддасида виждонан ҳаракат қилувчи фуқаро ёки юридик шахснинг давлат органи қарорига бўлган ишончи қонун билан қўриқланиши белгиланган.

Принцип қандай ишлайди?

Ишончни ҳимоя қилиниши принципини қўллашда давлат органи ёки мансабдор шахс қуйидаги қоидаларга риоя қилишга мажбур:

— агар фуқаро виждонан ҳаракат қилган ва ўз мажбуриятларини бажарган бўлса, унинг расмий тартиб-таомилларга риоя қилмаганлиги унинг ҳуқуқини таъминлашни рад қилишга асос бўлмайди;
— фуқаронинг тақдим этган ҳужжатларидаги маълумотлар акси исботланмагунича давлат органи томонидан ишончли деб ҳисобланади;
— фуқаронинг иши бўйича қонун ҳужжатларидаги ноаниқликлар ёки қарама-қаршиликлар унинг фойдасига талқин қилинади;
— ишончни ҳимоя қилинишини давлат органи ёки мансабдор ўз ихтиёрига кўра таъминлаши керак.

Қонуннинг 59-моддасига кўра ишончни ҳимоя қилиниши лозим бўлган вазиятларда, ҳужжати (қарори)ни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи фақат суд тартибида кўриб чиқилади.

Қачон принцип қўлланилмайди?

Ишончини ҳимоя қилиниши принципи қуйидаги ҳолларда қўлланилмайди:

— фуқаро давлат органи қарори билан боғлиқ қўшимча мажбуриятларни бажармаса;
— фуқаро давлат органи қарори асосида ўзига берилган мол-мулкдан мақсадига мувофиқ фойдаланмаган бўлса;
— фуқаро давлат органи қарорининг қонунга зид эканлигини билган ёки билиши лозим бўлган тақдирда;
— давлат органи қарори мансабдор шахсга қандайдир йўллар билан таъсир ўтказиш (таҳдид қилиш, алдаш ва бошқа.) орқали қабул қилинган бўлса;
— қонунда фуқаролар ишончининг ҳимояси ҳисобга олинмаган ҳолда давлат органи қарорини бекор қилиш назарда тутилган бўлса.

Масалан, фуқаро мансабдорга пора бериб ер участкасини олишга эришган бўлса ва бу суднинг ҳукми билан исботланган бўлса, бундай фуқарога нисбатан ишончни ҳимоя қилиниши принципи қўлланилмайди.

Фуқаро қонунга зид ҳаракат қилганлиги аниқ бўлган ҳар қандай ҳолатда ишончни ҳимоя қилиниши принципи қўлланилмайди.

Зарар қандай қопланади ?

Давлат органи қарорига ёки мансабдор шахснинг қонуний ишлашига ишонган ҳолда ҳаракат қилиши оқибатида манфаатдор шахслар кўрган зарар тўлиқ ҳажмда, ушбу давлат органининг бюджетдан ташқари маблағи, уларда маблағ бўлмаганда эса Республика бюджети ҳисобидан қопланади. Зарарни қоплаш суднинг қарори билан айбдор мансабдор шахсга ҳам юклатилиши мумкин.

Бунинг учун фуқаро қонунга зид деб топилган давлат органи қарори бекор қилинганлиги ҳақида хабар топган вақтдан бошлаб бир йил ичида судга мурожаат қилиши лозим.

Агар давлат органи қарорини ихтиёрий равишда ижро қилишга рози бўлса ҳамда бу бўйича ҳаракатларни амалга оширишни бошласа, қарорни мажбурий ижро қилишга қаратилган чоралар (пеня ҳисоблаш, мажбурлаш ва бошқа.) қўлланилмайди.

Хулоса ўрнида

Ишончни ҳимоя қилиниши принципини амалда қўлланилиши фуқароларнинг давлатга, унинг сиёсатига, қонунларга бўлган ишончини мустаҳкамловчи ҳуқуқий воситадир ва аксинча бўлганда давлатнинг фуқаро олдидаги обрўсини пасайишига олиб келади.

Давлат органлари ва мансабдорлар ўз камчилигини ўзи тўғирлаши ва фуқаро ҳуқуқи устуворлигини таъминлаши мамлакат тараққиётини таъминлайдиган самарали бошқарув тизимини шакллантирувчи асосий омилдир.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг