«Путиннинг гаплари жиддий эмас» — Германия канцлери
G7 етакчилари Путиннинг Украинадаги урушни тугатиш шартлари ҳақидаги фикрларини муҳокама қилишмаган.
Италияда бўлиб ўтган саммитда G7 етакчилари Россия президенти Владимир Путиннинг Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича таклифларини муҳокама қилишмаган, чунки «ҳамма бу таклифлар жиддий эмаслигини биларди», деди Германия канцлери Олаф Шолц.
Бугун Швейцарияда Украинанинг «тинчлик формуласи» бўйича икки кунлик саммит бўлиб ўтади. Ушбу саммитга йўл олган Шолцнинг фикрича, Путиннинг кечаги чиқиши глобал тинчлик саммитидан эътиборни чалғитиш учун қилинган.
«Ҳамма биладики, бу таклифлар жиддий аҳамиятга эга эмас», — деди Германия канцлери.
Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин куни кеча Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан учрашувда Украина билан тинчлик музокараларини бошлашнинг асосий шартларини айтиб ўтганди: унга кўра Украина қўшинлари Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларидан чиқиб кетиши ва Киев НАТОга киришдан бош тортиши лозим.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter