Прокуратура туман ҳокими собиқ ўринбосарини яна сувдан қуруқ чиқардими?
Аллақачон қонуний нуқта қўйилиши керак бўлган масала аччиқ ичакдек чўзиладиганга ўхшайди. Қонуний нуқта қўйиш ваколатига эга органнинг ўзи «ичакни чўзаётган» экан, бошқача бўлиши мумкинмас. Мана, прокуратура яна «дело»ни ёпибди. Яъники, Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг ҳаракатларида жиноятлар аломатлари йўқ экан.
Анграйиб қолдингиз-а?
Аввалига бўлиб ўтган воқеаларни эсласак.
- 2019 йилнинг 14 август куни Олмазор тумани ҳокими ўринбосари А. Ваҳобов «Kun.uz» журналистларига ташланиб, таҳририят мулки бўлган техника воситасини (штатив) синдириб ташлайди. Айни ҳолат тасвири оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши ортидан катта шов-шув келиб чиқди.
- Воқеликнинг эртасига Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати А.Ваҳобов билан интервью уюштирди. Унда А. Ваҳобов журналистни ўта оғир жиноятда айблаб (пора бериш), гўёки унинг «йўриғига юрмагани» учун ўзи ҳақида танқидий материал тайёрлаганини айтади.
- Журналист ҳоким ўринбосари туҳмат қилаётганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Бош прокуратурага мурожаат қилади.
- Бу орада парламент детутати, қатор оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоат ташкилотлари амалдорнинг хатти-ҳаракатларини қоралаб баёнот берди.
- Баён этилган ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказган Тошкент шаҳар прокуратураси қарор қилдики, ҳаммаси жойида, ҳеч қандай қонун бузилмаган, А.Ваҳобовнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломати йўқ.
- Пойтахт прокуратурасининг ушбу қарори навбатдаги шов-шувларни келтириб чиқарди. Натижада Бош прокуратура «жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида»ги Тошкент шаҳар прокуратурасининг қарорини бекор қилиб, ишни қайта текширувга юборди. Айни жараёнда А. Ваҳобов эгаллаб турган вазифасидан озод этилгани маълум бўлди. (Унинг вазифасидан четлатилиши жамоатчилик босими остида юз бергани эҳтимоли катта. Йўқса, Тошкент шаҳар ҳокими истеъфога чиқарилган А.Ваҳобовни лутфларга кўмиб баёнот бермасди-да).
Ниҳоят, куни кеча эндиликда собиққа айланган туман ҳокими ўринбосари А.Ваҳобов хатти-ҳаракатлари бўйича прокуратуранинг кейинги қарори хабари берилди.
Янги қарор мазмуни эскиси билан бир хил: А. Ваҳобов хатти-ҳаракатларида жиноят аломати йўқ! Яъники, прокуратурага кўра, «Kun.uz» журналистларига (наинки журналистларга?) ташланиб, уларнинг шахсий мулки шикаст етказиш, камига оммавий ахборот воситаси орқали (журналистни) очиқдан очиқ оғир жиноятда айблаш наинки жиноят, ҳатто маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳам эмас?!
Эътибор беринг, бундай тўхтамга прокуратура бир эмас, икки бор келмоқда.
А. Ваҳобов журналист шаънига айтган айбловини исботлаб берибдими? Йўқ! Акс ҳолда, журналистга нисбатан камида Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора беришга далолат қилиш) билан жиноят иши қўзғатиларди. Жиноят иши қўзғатилмадими, демак, А. Ваҳобовнинг айбловлари туҳматдан бошқа нарса эмас. Туҳмат эса (яна денг, ОАВ орқали!) Жиноят кодексининг 139-моддасида (Туҳмат) кўрсатилган айбловни келтириб чиқаради. Прокуратура эса айни модда бўйича ҳам жиноят иши қўзғатгани йўқ!
Бу ҳол бориб турган мантиқсизлик эмасми? Ҳолбуки, қўйилаётган савол оддийдан оддий: амалдор айбловини исботласин, агар исботлай олмаса, қонун олдида жавоб берсин! Бор гап шу. Прокуратура қарорида на унисига жавоб бор, на бунисига!
Прокуратура органларида «Қонун олдида барча баробар!» деган гап кўп ва хўб айтилади.
Амалда-чи? Айни вазиятда қани ўша баробарлик?
Бундай саволлар жавобсиз қолмаслиги керак. Вассалом.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter