Президентнинг тарихий ташрифи якунланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалий ташрифининг тадбирларга ғоят бой дастури якунига етди.
Давлатимиз раҳбари Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумсиёсий мунозараларида нутқ сўзлаб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталди ҳамда глобал ва минтақавий кун тартибининг энг долзарб масалалари ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.
Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг «С5+1» форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қўшма Штатлар Президенти Жозеф Байден икки томонлама учрашувда давлатлараро ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель, Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль, Покистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар Какар, шунингдек, нуфузли халқаро тузилмалар раҳбарлари – БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Халқаро валюта фонди бошқарувчи директори Кристалина Георгиева, Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала, Жаҳон банки гуруҳи президенти Аджай Банга, ФИФА президенти Жанни Инфантино билан музокаралар ўтказди.
Ташрифнинг ишбилармонлик дастури ҳам воқеаларга бой бўлди. Ўзбекистон етакчиси АҚШ бизнеси вакилларининг Ўзбекистон-Америка савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм бошчилигидаги делегацияси ҳамда йирик трансмиллий компания ва корпорациялар - «Air Products», «Citigroup», «СNH», «Boston Consulting Group», «GE HealthCare», «Oppenheimer», «Cerberus», «Cintana» раҳбарлари билан учрашди.
Ташриф дастуридаги тадбирлар якунлангач, Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter