Президент контрактда ўқиётган талабалар учун муҳим қарорни имзолади
Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.
Олий таълим ташкилотларида таҳсил олиш истагидаги ёшларнинг таълим олиши учун кенг имкониятлар тақдим этиш, тўлов-контракт асосида ўқиётган ҳар бир талабага билим олиш учун қулай шароитлар яратиш, ёшларнинг илм-фанга бўлган интилишларини янада рағбатлантириш ва ёшларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча олий таълим ташкилотлари бакалавриатининг кундузги таълим шаклида ҳамда магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун таълим кредити ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилади.
Таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.
Таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилалар фарзандларидан таълим кредити учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.
Таълим кредитлари бўйича тижорат банкларини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун Молия вазирлиги ҳузурида Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ташкил этилади.
Жамғармага Давлат бюджетидан 2021 йилда камида 1 триллион сўм, кейинги йилларда ҳақиқий талабдан келиб чиқиб маблағлар ажратилади.
Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланди:
Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
Жамғарма томонидан аввал ажратилган ресурсларнинг қайтишидан тушадиган маблағлар ва улардан олинадиган фоиз тўловлари;
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларига жойлаштириш ҳисобига фоизли тушумлар;
Халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари, ҳомийлик, грант маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter