Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент иш кунини мамлакатдаги аҳволни танқидий таҳлил қилишдан бошлади

Президент иш кунини мамлакатдаги аҳволни танқидий таҳлил қилишдан бошлади

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, янги ҳафтанинг биринчи иш кунини эрта тонгдан Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишларнинг чуқур танқидий таҳлилидан бошлади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида пандемия билан боғлиқ ҳолат ҳамда уни барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлар давлатимиз раҳбари раислигидаги видеоселектор йиғилишида кўриб чиқилди.

Тадбир иштирокчиларига мурожаат қилар экан, президент пандемия билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолаётганини айтди. Жумладан, охирги тўрт кунда мамлакат бўйича янги аниқланган 2 136 нафар беморнинг 1 218 таси (яъни, 57 фоизи) пойтахтимиз ва Тошкент вилоятига тўғри келади.

Коронавирусга шубҳа бўлган барча беморларни инфекция мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, зотилжам ва нафас етишмовчилигининг клиник белгилари мавжудлигига асосланган ҳолда даволаш муассасаларига қабул қилиниши белгиланди.

Тошкент шаҳрида мавжуд 16 та клиникага қўшимча COVID-19га  шубҳали беморлар учун мўлжалланган яна 7 та 850 ўринли «провизор» клиникалар ташкил қилинди. Ушбу клиникаларнинг тиббиёт ходимларига ҳар бир иш куни учун ойлик маошининг 6 фоизи миқдорида устама ҳақ тўлаш масаласи ҳал қилинди.

Шавкат Мирзиёев таъкидланидек, бугундан бошлаб коронавирусга чалинган беморлар билан ишлаётган ҳар бир махсус шифохонада алоҳида тижорат банкининг кассалари ташкил қилиниб, шифокорларнинг 14 кунлик иш хақини жойида олиш тизими жорий этилади.

Коронавирусли беморлар учун ажратилган шифохоналарга қўшимча 285 дона ўпка сунъий вентиляцияси аппарати, 155 дона ўпкани ёрдамчи нафас олдириш ускунаси, 140 дона кислород концентратори, 200 та функционал ётоқлар билан таъминланди, дея қайд этилди йиғилишда.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида ушбу вирусга шубҳали бўлган беморларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатувчи 500 ўринли Тақсимловчи марказ ташкил қилинмоқда.

Хусусий клиникаларга ҳам бундай беморларга тиббий ёрдам кўрсатишга рухсат берилди ва ҳозирда уларнинг рўйхати тузилмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг туман бўлимларига коронавирусга ПЦР-анализи олишга ва таҳлил жавобини Республика агентлигига юбормасдан, бевосита беморларга топшириш тартиби ўрнатилди ва бу орқали таҳлил жавобларини кутиш даври қисқаради.

Тошкент шаҳри тез тиббий ёрдам станциясида операторларнинг меҳнат шароити яхшиланди ва бир сменада фаолият олиб бораётган операторлар сони 40 тадан 100 нафарга етказилди. Станцияга қўшимча электр тармоғи уланди, бригадалар сони 250 тагача кўпайтирилди.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти тез тиббий ёрдам хизмати учун жами 100 та «Дамас» амбуланс машинаси ажратилди, шулардан 25 таси жойларга тарқатилди.

Пойтахт вилоятида коронавирус касаллиги гумонланган шахсларни даволаш ва назоратини олиб бориш учун 905 шифо ўрин, диагнози тасдиқланганлар учун 210 ўрин стационар шифохоналар фаолият кўрсатмоқда ва қўшимча 350 захира ўрин тайёрлаб қўйилди.

«Ўзтелеком» корхонаси томонидан уяли телефон аппаратлари тарқатилмоқда.

Коронавирус билан касалланган беморларни даволаш жараёни учун 49 хил турдаги дори воситалари захираси учун дастлабки 10 миллиард сўм пул ажратилиши режалаштирилди.

Йиғилишда таъкидланидек, 103 телефон рақамига уланиш вақти 1,5 дақиқадан 15 сониягача қисқартирилди, мурожаатларнинг асосий қисми келиб тушадиган вақт оралиғида (соат 18:00 дан 24:00 гача) энг тажрибали операторлар хизмат кўрсатиши йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, пандемияни жиловлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар жойларда тизимли йўлга қўйилмагани кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, бирламчи тиббиёт бўғини, яъни оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари аҳолига ёрдам бериш учун 24 соатлик иш режимига ўтказилмаган.

Тошкент шаҳридаги 11 та туман кўп тармоқли марказий ва 64 та оилавий поликиникада ҳар бирида 50 дан 200 нафаргача тиббиёт ходими мавжуд бўлса-да, уларнинг аксарияти куннинг фақат биринчи ярмида беморларни қабул қилишади.

Ҳар бир поликлиникада COVID-19 инфекциясининг енгил ёки симптомсиз кечаётган беморларга консультатив ёрдам кўрсатиш учун шакллантирилган 3 та шифокордан иборат махсус мобил бригада бириктирилган бўлиши керак, аммо айрим бригадаларда умуман врач йўқ.

Деярли барча поликлиникаларда рентген-диагностика кабинетлари мавжуд, лекин уларнинг имкониятларидан умуман фойдаланилмаяпти.

Агар ушбу поликлиникалар аҳолини самарали патронаж хизматини амалга оширса, табиийки, 103 рақамли тез тиббий ёрдамга босим қисқаради ва аҳоли орасида саросима юзага келишининг олди олинади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига пойтахтдаги 75 та поликиниканинг имкониятларини, ушбу муассасаларда фаолият олиб бораётган 3 мингдан ортиқ шифокор ва ҳамширани инфекциянинг енгил ва симптомсиз кечаётган беморларга хизмат кўрсатишга 24 соатлик узлуксиз режимда тўлиқ сафарбар қилиш топшириғи берилди.

Шунингдек ушбу фаолиятга жалб қилинаётган шифокор ва ҳамширалар меҳнатини рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг