Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент ипотека кредити бозорига оид фармонни имзолади

Президент ипотека кредити бозорига оид фармонни имзолади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Президент фармони имзоланди. Фармон матни «ЎзА»да эълон қилинди.

2016-2018 йилларда ипотека кредити амалиётининг кенгайиши 82 мингдан ортиқ уй-жойларнинг фойдаланишга топширилишини таъминлади, бунинг натижасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги 400 мингга яқин фуқаролар турар жой шароитларини яхшилашга эришди.

Қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар ва шаҳарларда кўп қаватли уйлар, ёш оилаларга, ҳарбий хизматчиларга, бюджет ташкилотлари ходимлари ва аҳолининг бошқа тоифалари учун уй-жойлар қуриш бўйича давлат мақсадли дастурларини (кейинги ўринларда – мақсадли дастурлар) изчил амалга ошириш давом этмоқда. Мазкур мақсадлар учун республиканинг тижорат банклари томонидан жами 10 триллион сўмдан ортиқ ипотека кредитлари берилди.

Шу билан бирга, мамлакатимиз уй-жой секторини ривожлантириш зарурати ипотека кредитларини тақдим этиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг барча қатламлари учун бозор тамойиллари асосида ипотека кредитларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш юзасидан қўшимча чоралар кўришни талаб этмоқда.

Аҳолининг турмуш даражасини изчил ошириш, ипотека кредити механизмларидан фойдаланиш амалиётини янада такомиллаштириш ва кенгайтириш, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати ва қурилиш индустриясини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар ва рағбатлар яратиш мақсадида:

  • Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Осиё тараққиёт банки (кейинги ўринларда – ОТБ) билан биргаликдаЎзбекистонда ипотека бозорини ривожлантириш дастурини2019-2021 йилларда амалга ошириш концепцияси ишлаб чиқилганлиги, унинг доирасида бозор тамойиллари асосида узоқ муддатли барқарор ипотека молиялаштириш тизимини яратиш учун ОТБ томонидан 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағлари ажратиш назарда тутилганлиги маълум қилинди.

Шунингдек, фармон билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан бошланғич устав капитали миқдори 25 миллиард сўм бўлган акциядорлик жамияти шаклидаги Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясини (кейинги ўринларда – Компания) таъсис этиш; республика тижорат банклари ва бошқа юридик шахсларга ихтиёрий равишда Компаниянинг таъсисчилари бўлиш ҳуқуқини бериш белгиланди.

Қуйидагилар Компаниянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

  • маҳаллий ва халқаро капитал бозорларида молиявий ресурсларни, шу жумладан, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг (кейинги ўринларда – ХМИ ва ХҲМТ) маблағларини жалб қилиш ва кейинчалик уларни ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтириш;
  • аҳолининг арзон уй-жойларга ўсиб бораётган эҳтиёжини қаноатлантириш учун бозор тамойиллари асосида тижорат банкларига молиявий ресурслар тақдим этиш;
  • шу жумладан, ипотека қимматли қоғозларини чиқариш ва уларни инвесторлар орасида жойлаштириш;
  • ипотека кредити тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш, ипотека бозорини ривожлантиришнинг замонавий услублари ва воситаларини татбиқ этиш, ипотека кредити ва ипотека қимматли қоғозлар бозорида хавфларни камайтириш ва ликвидликни ошириш;
  • ипотека кредити ва қайта молиялаштириш соҳасида, шу жумладан, хорижий эксперт ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда методологик ва норматив-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқишда иштирок этиш.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги уч ой муддатда Компания фаолиятини ташкил этишга техник кўмаклашиш (грант) маблағларини ажратиш масаласини ОТБ билан кўриб чиқади.

Компания томонидан ипотека кредитларини қайта молиялаштириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

а) Компания акциядорлар маблағларини ҳамда ХМИ ва ХҲМТнинг қарз маблағларини, шунингдек, қимматли қоғозлар чиқариш орқали маҳаллий ва халқаро капитал бозорларидаги узоқ муддатли ресурс маблағларни жалб этади;

б) Компания жалб қилинган маблағларни Компания томонидан ўрнатиладиган малакавий талабларга мос келувчи тижорат банкларига кредит ресурсларини ажратиш йўли билан қайта молиялаштиради;

в) тижорат банклари Компания томонидан белгиланган шартларда қарз олувчиларга ипотека кредитларини тақдим этади;

г) тижорат банклари ипотека кредитлари, ипотека шартномалари бўйича талаб ҳуқуқларидан ёки гаров хатлари бўйича ҳуқуқлардан Компания фойдасига воз кечади;

д) Компания тижорат банклари билан ҳуқуқлари аввал Компанияга ўтказиб берилган ипотека кредитига хизмат кўрсатиш шартномасини ёки гаров хатларини ишончли бошқарувга бериш шартномасини тузади;

е) тижорат банклари қарз олувчилар ва ипотека берувчилар томонидан кредит шартномалари ва ипотека шартномаларининг Компания фойдасига лозим даражада бажарилишини таъминлайди.

Компания томонидан ипотекани қайта молиялаштиришнинг қонунчиликка зид бўлмаган бошқа шакллари ҳам татбиқ этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш ва тартибга солиш соҳасида ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг