Пойтахтда 135 нафар алиментчи қидирувга берилган - МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси
Пойтахтда алиментдан қарздорлиги бўлган 135 нафар шахс қидирувга берилган, ҳозирча улардан 14 нафарини топилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Тошкент шаҳар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Марғуба Амонова маълум қилди. Қолган қарздорларни қисқа вақт топиб, зиммасидаги мажбуриятни адо этиши учун барча чоралар кўрилмоқда.
Айтилишича, МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари иш юритувида алимент ундируви билан боғлиқ 24 минг 224 та алимент ижро ҳужжатлари мавжуд. Таассуфки, уларнинг тенг ярмини алимент пулларини ўз вақтида тўламай ёки маълум қисмини тўлаб, шунингдек, мажбурий ижро чоралари қўлланилсагина ҳаракатга келадиган қарздорлар ташкил этади.
Жорий йилнинг 17 ноябрь кунидан бошланган алимент ундирувларини жадаллаштириш тадбирларини таҳлилига кўра, 9 декабрь санасига қадар ҳудудий бўлимлар томонидан 108 та ажримда бўлган оилалар тикланишига ҳисса қўшилди. Шунингдек, вақтинча ишсиз (ёки муқим иш жойига эга бўлмаган) қарздорларни иш билан таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда Меҳнат ярмаркалари ташкил қилинмоқда. Шу тариқа уларга иш таклиф қилиниб, мажбурияни бажаришга кўмаклашилмоқда ҳам.
Жорий йил декабрининг биринчи ўн кунлигигача 735 нафар карздордан жами 2 млрд. 833 млн. сўмдан кўпроқ алимент қарздорликлари ундириб берилди. Шундан 6 нафар алиментчи ота олдиндан 5 йиллик алимент пулларини олдиндан нақд санади. Қолганларгаям инсоф берсин...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter