«Портал»даги ариза ва мурожаатларни интернет орқали тарқатаётганлар учун жавобгарлик борми?
«Ижтимоий тармоқларда порталга ёки биронта давлат идорасига бўлган мурожаатлар тарқалиб, унга ҳар хил постлар қўйилаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Бундай ҳолатлар шахснинг обрўсига путур етказиши табиий. Инсон ариза ёзиш учун минг истиҳола қилади. Боши деворга урилгач, сарсонгарчиликларни кўргач, ноҳақликка дуч келгач, ариза ёки шикоят ёзади. Тўғри «ёзмачиликни» касб қилганлар ҳам бор. Лекин уларнинг шахсий масалаларини элга ошкор қилиш яхшими? Бунинг учун ҳам жавобгарлик борми қонунчиликда?»
Таҳририятимиз ушбу саволга жавоб олиш мақсадида ҳуқуқшунос М.Ҳасанов билан боғланди. Унинг таъкидлашича, 2017 йил 11 сентябрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг (янги таҳрир) 19-моддасига асосан, мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти, юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек, давлат сирини ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ва агар бу жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборотнинг давлат органлари, ташкилотлар ходимлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмайди.
Жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги керак.
«Алоқа тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ ёзишма, телефон сўзлашувлари, телеграф хабарларининг сир сақланиши қонун билан муҳофаза этилади. Ёзишмаларни очиб ўқишга ва ушбу модданинг биринчи қисмида қайд этилган қоидалар бошқача тарзда бузилишига йўл қўйган алоқа ходимлари маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиладилар, Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган холлар бундан мустасно.
«Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, жисмоний шахснинг розилигисиз унинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотни, худди шунингдек, шахсий ҳаётига тааллуқли сирини, ёзишмалар, телефондаги сўзлашувлар, почта, телеграф ва бошқа мулоқот сирларини бузувчи ахборотни тўплашга, сақлашга, қайта ишлашга, тарқатишга ва ундан фойдаланишга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Оммавий ахборот воситалари ахборот манбасини ёки тахаллусини қўйган муаллифни уларнинг розилигисиз ошкор этишга ҳақли эмас. Ахборот манбаси ёки муаллиф номи фақат суд қарори билан ошкор этилиши мумкин.
«Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 46-моддасига асосан, тиббий ёки тижорат сирларини, ёзишма ва бошқа хабарлар, нотариал ҳаракатлар, банк операциялари ва жамғармалар сирларини, худди шунингдек, фуқарога, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига маънавий ёхуд моддий зарар етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни ошкор этиш, башарти ушбу Кодекснинг 461-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаса, 461-моддасига мувофиқ шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлади.
Ушбу ҳолатда ёзишмаларингиз юқорида келтириб ўтилган қонунларга асосан сизнинг рухсатингизсиз ошкор қилинадиган бўлса, «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексга асосан ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва маъмурий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter