Помпео Мирзиёевнинг ислоҳотларини юқори баҳолади
3 февраль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга расмий ташриф билан келган АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео билан учрашди.
Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари ҳамда минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга ташрифи ва президент Доналд Трамп билан музокаралари якунига кўра қабул қилинган стратегик шерикликнинг янги даври бошланиши тўғрисида Қўшма баёнот қоидаларини изчил амалга ошириш, кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришга томонлар содиқ эканлиги тасдиқланди.
«Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари турли соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқалар мустаҳкамланаётганлиги ва жадал ривожланаётганлигини мамнуният билан таъкидладилар. Шу нуқтаи назардан, сўнгги икки йил ичида савдо ҳажми икки баравар ўсгани қайд этилди», дейилади ТИВ хабарида.
АҚШ Давлат котиби Ўзбекистон президенти томонидан давлат бошқарувини модернизация қилиш, жамиятни демократлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Музокараларда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш, диний эркинликни таъминлаш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича олиб борилаётган чораларга алоҳида эътибор қаратилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter