Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзмиллийбанк» АЖ ва ХДТБ 2 миллиард юанга тенг келишув имзолади

«Ўзмиллийбанк» АЖ ва ХДТБ 2 миллиард юанга тенг келишув имзолади

2025 йилнинг 25 апрель куни Пекин шаҳрида «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ («Ўзмиллийбанк» АЖ) ва Хитой Давлат Тараққиёт Банки (ХДТБ) ўртасида 2 миллиард юань (274 миллион доллар эквиваленти) миқдорида кредит линиясини жалб қилиш бўйича келишув имзоланди.

Мазкур битим 2025 йилга мўлжалланган давлат инвестиция дастурини амалга ошириш доирасида имзоланган бўлиб, унга кўра «Ўзмиллийбанк» АЖга халқаро молия институтларидан умумий қиймати 1,2 миллиард доллар эквивалентида кредит линияларини жалб қилиш вазифаси юклатилган.

Келишувнинг имзоланиши Ўзбекистон билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида ўрнатилган стратегик шериклик муносабатлари, айниқса, 2025 йил кузида Тянцзин шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар давлат раҳбарларининг саммити олдидан муҳим воқеа бўлди.

Жорий йилда Хитой Халқ Республикаси – ШҲТга, ХДТБ эса ташкилотнинг Банклараро бирлашмасига раислик қилган ҳолда Хитой номидан ШҲТнинг молиявий платформасида мувофиқлаштирувчи банк вазифасини бажаради.

Имзоланган келишув «Ўзмиллийбанк» АЖ ва ХДТБ ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг янги босқичини англатади ҳамда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча туртки бериши мумкин.

Жалб қилинадиган маблағлар Ўзбекистондаги устувор инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, жумладан, транспорт ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш, уй-жой қурилиши, хизмат кўрсатиш, муқобил энергетика, замонавий тиббиёт муассасаларини қуриш, аэропортларни модернизация қилишга йўналтирилади, шу билан бирга кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 декабрдаги аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадлари даражасини ошириш бўйича берилган топшириқларнинг амалда бажарилишига хизмат қилади.

Ушбу кредит линия Хитой юанида тақдим этилмоқда ва бунда Sinosure экспорт-кредит агентлиги иштироки ва Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати талаб қилинмайди, бу эса мамлакатимиз молиявий барқарорлигига ишончнинг юқори даражасидан далолат беради ҳамда «Ўзмиллийбанк» АЖнинг ишончли ҳамкор сифатидаги мақомини тасдиқлайди.

Маълумот учун:

Хитой Давлат Тараққиёт Банки 1994 йилда ташкил этилган ва мамлакатнинг энг йирик сиёсат банкларидан бири ҳисобланади. Банкнинг асосий вазифаси давлат стратегияси доирасида, жумладан, инфратузилма, энергетика ва саноат соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштиришдан иборат. ХДТБ «Бир макон -бир йўл» ташаббуси ва ШҲТ дастурлари доирасидаги лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этади.

ХДТБнинг асосий кўрсаткичлари: активлар - 2,6 триллион доллар, капитал - 236 миллиард доллар, соф фойда - 12,3 миллиард доллар. ХДТБ биринчи даражали халқаро кредит рейтингларига эга: S&P (A), Fitch (A+) ва Moody's (A1).

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг