Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Газ ва «свет» тарифларида ўзгариш кутиляпти

Газ ва «свет» тарифларида ўзгариш кутиляпти

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини 2024 йилда амалга оширишга доир давлат Дастурида Энергетика вазирлигига нефть, газ ва электр энергетика соҳаларида тариф ислоҳотларини амалга ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юкланган.

Унга кўра, вазирлик ҳужжат лойиҳасини жорий йилнинг май ойига қадар ишлаб чиқади ва унда:

  • электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг нархлари ва тарифларини ўз таннархидан кам бўлмаган (cost recovery level) миқдорда ҳисоб-китобларни амалга ошириш;
  • ҳисоб-китоблар натижасига кўра электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг нархлари ва тарифларини тасдиқлаш;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида электр энергияси ва табиий газ нархларини белгилашда «ижтимоий меъёр» тизимини жорий этиш назарда тутилади.

Маълумот учун, энергетика вазирлиги ўтган йилнинг сентябрида 1 куб метр газнинг таннархи 1 890 сўм, 1 кВт.соат электр энергияси таннархи эса 970 сўмга тушаётганини билдирган эди. 2022 йилнинг май ойида берилган худди шундай маълумотга кўра эса 1 куб метр газнинг таннархи 1400 сўм, 1 кВт.соат электр энергияси таннархи эса 800 сўм деб эълон қилган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, рақамларнинг бир йилда бу тахлит ошгани (газ таннархи 35 фоизга, электр энергияси таннархи эса 21,25 фоизга) «таннархни шишириш» билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Иқтисодчи, ўз навбатида, 3 йил аввал Давлат раҳбари энергетика соҳасининг энг катта вазифаси деб таннархни камайтиришни белгилаганини, шу жумладан, вазирликнинг ўзи ҳам таннархни камайтиришни «стратегик йўналишлардан бири» деб атаганини эслатиб ўтади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг