Ўзбекистонда коронавирусдан учинчи шахс вафот этди. Марҳум Чирчиқ шаҳридан
Ўзбекистонда коронавирус касаллигидан учинчи шахс вафот этди. Марҳум Чирчиқ шаҳридан бўлгани хабар қилинган.
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Ш. шу йилнинг 30 март куни тез тиббий ёрдам орқали оғир аҳволда вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унга барча зарур муолажалар кўрсатилган. Шу йилнинг 31 март куни беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида республика Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига ўтказилган. Зудлик билан амалга оширилган лаборатор таҳлил натижаси унда коронавирус инфекцияси борлигини тасдиқлаган.
40 ёшли бемор ушбу клиниканинг реанимация бўлимида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган. Даволаниш даврида тиббиёт фанлари доктори, профессор А. Хаджибаев раҳбарлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош пульмонологи, профессор И. Ливерко, етакчи реаниматологлар Д. Собиров ва Х. Саттаров иштирокида видеоалоқа орқали керакли тавсиялар бериб борилган. Бундан ташқари, даволаш стандартларига мувофиқ, вирусга қарши, антибактериал, инфузион, муколитик, симптоматик ва респиратор терапия муолажалари ҳам олиб борилган.
Бироқ қатор соҳа мутахассисларининг ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан кеча оқшом беморнинг аҳволи кескин ёмонлашган. Етакчи реаниматолог ва бош торакал хирург Ш. Худойбергенов бошчилигидаги мутахассислардан керакли тавсиялар ҳам олинган. Берилган тавсияларни тўлиқ бажарилишига қарамасдан бемор Ш.да юрак ва ўпка етишмовчилиги сабаб юрак фаолияти тўхташи кузатилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter