Ўзбекистон ва Озарбайжон нодир асарлар таржимаси бўйича ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳар икки миллат она тилида ёзилган энг нодир асарларни бир-бирининг тилига таржима қилиш ва тақдим этиш борасида ҳамкорликни кучайтиради. Бу ҳақда Бокуда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Озарбайжон маданият вазири Одил Каримли учрашувида қайд этилди.
Мулоқот Озарбайжонда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида ташкил этилган.
Ўзбекистон маданият вазирига кўра, учрашув аввалида Озарбайжон маданият вазири маданият кунлари юқори савияда, кўтаринки руҳда ўтаётганини таъкидлаб, меҳмон бўлиб турган барча ўзбек санъаткорларига миннатдорлик билдирган.
Вазирлар учрашувида икки томонлама маданий-маърифий тадбирларни кенгайтириш, айниқса, ҳудудлар, биродарлик ришталари ўрнатилган шаҳарлар ўртасида мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйишга келишилган.
Шунингдек, TÜRKSOY доирасида туркий тилни ривожлантириш устида изланишлар олиб бораётган олим ва тилшуносларни бир жойга жамлаб, мукаммал луғат тайёрлаш, ҳар икки миллат тарихидан сўзловчи достон ва эпосларни тарғиб қилиш, кино ва театр йўналишида қўшма лойиҳалар кўриб чиқилган.
Айни пайтда Ўзбекистонда Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази самарали фаолият олиб боряпти. Учрашувда О.Назарбеков Озарбайжонда ҳам Ўзбекистон маданият марказини ташкил этиш таклифини билдирган. Бу таклиф мезбонлар томонидан қўллаб-қувватланган.
Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида Бокуда ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирийнинг озар тилида қайта нашр қилинган «Ўткан кунлар» китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтган.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил февраль ойида Ўзбекистон ҳамда Озарбайжоннинг 8 тарихий шаҳри (Хива ва Шуша, Самарқанд ва Ганжа, Бухоро ва Ланкарон, Қўқон ва Шеки) ўзаро биродарлик муносабатини ўрнатди.
Икки қардош давлат кутубхоналари ўртасида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ноширлик ва таржима борасидаги лойиҳалар ҳам аллақачон натижа бера бошлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter