Ўзбекистон ва Озарбайжон eTIR тизими орқали савдони йўлга қўйди. Бу нимани англатади?

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида илк бор eTIR тизими орқали маҳсулот етказиш бериш амалга оширилди. Бу эса божхона муносабатларида қоғозбозлик даври ортда қолаётганидан далолат беради.
Қуруқ ва ҳўл мевалар Тошкент аэропортидан Бокуга илк бор eTIR тизими орқали етказилган. БМТ Европа иқтисодий комиссияси халқаро ташувларда янги рақамли давр бошланаётганини қайд этган.
Транспорт қатнови, нақлиёт ва юк ташувларни соддалаштириш савдо-сотиқни кенгайтиришнинг муҳим шарти саналади. БМТ Европа иқтисодий комиссияси шафелигида яратилган eTIR тизими (французча «Transports Internationaux Routiers»нинг қисқартмаси) ҳам айни шу мақсадга хизмат қилади. Мазкур тизим юк ташишни рақамлаштиришга қаратилган бўлиб, у Божхона конвенциясига аъзо давлатларнинг ҳудудлари орқали маҳсулотларни чегара-божхона назорати процедурасидан ўтмасдан олиб ўтиш имконини беради. Божхона назорати қонунни бузиш учун жиддий сабаб бўлган ҳолатда амалга оширилади.
2021 йил 25 майдан Божхона конвенциясининг (Женева, 1975 йил) янги 11-иловаси расман кучга кирди. Ушбу иловага кўра барча аҳдлашувчи томонлар электрон TIR китобчасидан фойдаланган ҳолда маълумотлар алмашинуви орқали трансчегравий ташувларни амалга ошириши мумкин.
Келажакда еТIR халқаро тизими имкониятларидан 34 мингдан ортиқ транспорт ва логистика компаниялари фойдаланиши кутилмоқда. Бу эса трансчегаравий ташув вақтини 92 фоизгача, харажатларни эса 50 фоизгача камайтириш имконини беради.
Ўзбекистон божхона идораларига кўра, еТIR лойиҳаси синов тарзида илк бор 2020 йил ноябрь ойида Қозоғистон билан йўлга қўйилган.
Озарбайжон билан ушбу тизимнинг йўлга қўйилиши ўзаро савдо айланмасини янада ошириши кутилмоқда.
Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокида 243 та корхона ташкил этилган. Мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо 1996 йилда Бокуда имзоланган “Эркин савдо шартномаси”га мувофиқ эркин савдо режимида амалга оширилади.
2021 йилда Ўзбекистондан Озарбайжонга саноат маҳсулотлари (34,7 миллион доллар), машина ва ускуналар (20,1 миллион доллар), озиқ-овқат маҳсулотлари (10,4 миллион доллар), тайёр маҳсулотлар (3,1 миллион доллар), кимё маҳсулотлари (1,2 миллион доллар) ва хизматлар (2,4 миллион доллар) экспорт қилинган.
Озарбайжондан эса Ўзбекистонга ноозиқ-овқат хомашёси (12,8 миллион доллар), кимё маҳсулотлари (8 миллион доллар), ёқилғи, мой маҳсулотлари (7,9 миллион доллар), саноат маҳсулотлари (7,4 миллион доллар), озиқ-овқат, ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари (5,6 миллион доллар) ва хизматлар (0,8 миллион доллар) импорт қилинган.
Яқин 5 йилда икки қардош ўлка ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter