Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Сингапур билан ҳамкорликда дори воситалари ишлаб чиқаради

Ўзбекистон Сингапур билан ҳамкорликда дори воситалари ишлаб чиқаради

Фото: ССВ матбуот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар беришича, Ўзбекистонда иммунобиологик препаратлар ва онкологик касалликларни даволовчи дори воситалари ишлаб чиқарилади.

«Президентимизнинг Сингапурга давлат ташрифи доирасида фармацевтика йўналиши бўйича иккита келишув битими имзоланди», — деди Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов.

Ушбу мамлакатнинг «Мейнхардт Груп» компанияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган Лойиҳалаштириш ва инжиниринг маркази билан иммунобиологик препаратлар ишлаб чиқарувчи, умумий қиймати 49 миллион АҚШ долларига тенг фармацевтика корхонаси очилиши белгиланган.

Корхонада юртимизда касалликлар профилактикаси ва даволаш жараёнида қўлланиладиган қуйидаги препаратларни тайёрлаш йўлга қўйилади:

  • вакцина, анатоксин, пробиотик ва эубиотиклар;
  • иммуноглобулин ва иммун зардоблари, ген инженерлиги йўли билан олинган моноклонал антитаналар;
  • иммун коррекцияси, иммун танқислиги муолажаси ва профилактикасида қўлланиладиган иммуномодуляторлар (интерлейкин, интерферон, тимус гормонлари, миелопептидлар, ўсма некрози омили, ўсиш омиллари ва бошқалар).

Бундан ташқари, «СиПиЖи Интернейшнл» компанияси ҳамкорлигида очилаётган Ўзбекистон–Сингапур инвестиция корхонаси билан илдиз ҳужайралари асосида дори воситалари тайёрловчи биофармацевтика комплексини ташкил этишга қаратилган қиймати 100 миллион долларлик лойиҳани рўёбга чиқаришга келишилган.

Илдиз ҳужайралари ўз-ўзидан кўпайиш, митоз ёрдамида бўлиниш ва махсус ҳужайралар ҳосил қилиш, яъни турли аъзо ва тўқималарга айлана олиш хусусиятига эга. Замонавий тиббий амалиётда улардан онкологик, хусусан, лейкоз каби қатор касалликларни даволашда фойдаланилади.

Илдиз ҳужайралари ёрдамида жароҳат ёки дегенератив хасталиклар натижасида ўзгаришга учраган тўқималарни тиклаш мумкин.

Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида онкологик касалликлар муолажаси, кўмик тўқималари трансплантологияси ҳамда марказий асаб тизими ҳужайраларини тиклашда қўлланиладиган биофармацевтик воситалар ишлаб чиқариш имконияти яратилади, дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг