Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон – Саудия Арабистони: ҳамкорлик борасидаги 10 факт

Ўзбекистон – Саудия Арабистони: ҳамкорлик борасидаги 10 факт

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан 17-18 август кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади. Музокаралар якунида икки томонлама битимлар тўплами имзоланиши кутилмоқда. Ташриф арафасида икки мамлакат ҳамкорлигига оид 10 та муҳим фактни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

  1. Ўзбекистон ва Саудия Арабистони жуғрофий жиҳатдан узоқ масофада жойлашган бўлса-да, уларни умумий тарих, муштарак диний-маърифий қадриятлар ва уйғун маданий ришталар боғлаб туради. Подшоҳлик Ўзбекистон давлат мустақиллигини 1991 йил 30 декабрда тан олган. 1992 йил 20 февраль куни дипломатик муносабатлар ўрнатилган. 1995 йил майда Риёзда Ўзбекистон элчихонаси, 1997 йил мартда Тошкентда Саудия Арабистони элчихонаси фаолият бошлаган.
  2. Икки давлат халқаро ва минтақавий ташкилотларда бир-бирини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. 2019 йилда Саудия Арабистони Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеясида қабул қилинган «Маърифат ва ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясининг ҳаммуаллифи бўлди, 2020 йилда Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга сайланиши ҳамда мамлакатимизнинг бошқа муҳим ташаббусларини ёқлаб овоз берди. 
    Ўзбекистон, ўз навбатида, БМТнинг Аёлларга нисбатан камситишга барҳам бериш бўйича қўмитаси, Ижтимоий-иқтисодий кенгаши, Инсон ҳуқуқлари кенгаши, Болалар ҳуқуқлари қўмитаси, ЮНЕСКО Ижроия кенгаши, Умумжаҳон мерос қўмитаси ва «Ахборот барча учун» дастури ҳукуматлараро кенгаши аъзолигига Саудия Арабистони номзодини қўллаб-қувватлаган.
  1. Саудия Арабистонининг Ўзбекистон иқтисодиёти турли тармоқларига сармоялар киритиши 2017-2021 йилларда жадал тус олди. Бугунги кунда мамлакатимизда Саудия билан ҳамкорликда ташкил этилган 38 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 20 таси тўғридан-тўғри сармоя асосида ташкил этилган бўлса, 18 таси қўшма корхона ҳисобланади. 2022 йил давомида ўзаро савдо ҳажми ўтган йилга нисбатан бир неча бараварга ошди.

  1. 2017 йил 21 май куни президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазизнинг таклифига биноан мазкур давлатда бўлиб, Араб-мусулмон ва АҚШ саммитида иштирок этди. Мазкур машварат ислом дини нуфузини янада ошириш, давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, терроризм, экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, қурол-яроғ ва наркотик моддалар контрабандасига қарши курашда муҳим омил бўлди.
  2. Жорий йил 20 февраль куни икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Шу муносабат билан мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов саудиялик ҳамкасби шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Саудга табрик йўллади. Мактубда расмий Тошкент Риёз билан барча соҳаларда ўзаро манфаатли конструктив ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлиги билдирилган.
  3. 2020 йил сентябрь ойида Риёз шаҳрида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Саудия электрон университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Подшоҳ Абдулазиз университети ҳам ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйган. 2021 йил Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари маркази ўзаро англашув меморандумини имзолади.
  4. 2022 йил март ойида Тошкентда савдо, иқтисодиёт, инвестиция, техника, маданият, спорт ва ёшлар масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 5-йиғилишида бўлиб ўтди. Йиғилишга Ўзбекистон тарафидан бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Саудия Арабистони томонидан эса инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ раислик қилди. Тадбир давомида икки мамлакат вакиллари устувор йўналишларда робиталарни кенгайтириш учун ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини эътироф этиб, кўпқиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга содиқлик изҳор этди.

  1. 2021 йил 27 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев бир қатор хорижлик дипломатлар қаторида Саудия Арабистони элчиси Юсуф ал-Утайбийдан ишонч ёрлиғини қабул қилиб олди. Давлатимиз раҳбари подшоҳ Салмон Ол Сауд ва валиаҳд Муҳаммад Ол Сауд билан учрашувлар икки томонлама муносабатлар ривожига ижобий суръат бағишлаётганини таъкидлади.
  2. 2021 йил 16 июль куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги халқаро анжуман доирасида Саудия ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархонни қабул қилди. Саудия томони Ўзбекистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлигини кучайтириш борасидаги халқаро ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
  3. 2021 йил 17 декабрь куни Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси билан Қорақалпоғистон Республикасида қуриладиган 100 МВт қувватга эга шамол электр станцияси (ШЭС) лойиҳаси бўйича битим имзоланди. Қиймати 108 миллион долларга тенг лойиҳа доирасида 400 млн кВт/соат миқдорда экологик тоза электр ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Қораўзакдаги ШЭС икки давлат ўртасида энергетика соҳасидаги улкан лойиҳаларнинг бир қисми саналади. 2020 йил март ойида мамлакатимиз энергетика вазирлиги ҳамда «ACWA Power» компанияси ўртасида 2 миллиард долларли уч битим имзоланган. Президент Шавкат Мирзиёев шамол электр станциясига тамал тоши қўяр экан, лойиҳани яшил энергия бўйича «биринчи қалдирғоч» деб атади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг