Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида махсус савдо зонасини ташкил этиш таклиф қилинди

Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида махсус савдо зонасини ташкил этиш таклиф қилинди

Жорий йил 22 октябр куни Самарқандда бўлиб ўтган Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматларининг қўшма ҳудудлараро форумида Манғистау вилояти ҳокими Нурдаулет Қилибай Манғистау вилояти ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича қатор таклифлар билан чиқди.

Таъкидланишича, Қозоғистоннинг Манғистау вилояти ва Ўзбекистоннинг Нукус шаҳрини боғловчи автомобил йўли қурилиб фойдаланишга топширилди.

Нурдаулет Қилибайнинг айтишича, Манғистау вилоятидаги улгуржи бозорлардаги озиқ-овқат маҳсулотлари, сабзавот, мева ва қуритилган меваларнинг асосий қисми Бухоро, Самарқанд, Нукус ва Сирдарё далаларидан келтирилади. Хусусан, «Тожен» божхона пости орқали кунига 250-300 тага яқин юк автомобиллари ўтади, шундан ўртача 25-30 таси Манғистау вилоятига жўнатилади. Бу 11 минг тоннага яқин маҳсулот деганидир.

Минтақалараро форумда Манғистау вилояти ҳокими икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида чегарадош ҳудудда «Хоргос» савдо мажмуаси намунасидаги махсус божсиз савдо зонасини ташкил этишни таклиф қилди. Савдо-иқтисодий зонанинг очилиши Манғистау вилояти ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 4 баробарга ошириши айтилди.

Учрашув якунлари бўйича Манғистау вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси, Бейнеу ва Хўжейли туманлари ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Маълумот учун, айни пайтда Манғистау вилоятида Ўзбекистон иштирокидаги 140 та корхона рўйхатга олинган. 2023 йил якуни бўйича вилоятнинг Ўзбекистон билан ташқи савдо айланмаси 13,2 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистон Республикасидан импорт қилинадиган товарларнинг умумий товар айланмасидаги улуши қарийб 25 фоизни ташкил этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг