Ўзбекистон ҳудудларининг яшаш учун қулайлик рейтинги тузилди
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари томонидан Ўзбекистон ҳудудларининг яшаш учун қулайлик рейтинги (Liveability ranking) тузилди.
Бунда The Economist Intelligence Unit нашри томонидан ҳар йили дунё шаҳарлари бўйича эълон қилинадиган The Global Liveability Ranking методологиясидан фойдаланилди.
Рейтинг ҳудудлардаги ижтимоий осойишталик, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, атроф-муҳит ва инфратузилмавий қулайликлар каби йўналишларга оид 37 та кўрсаткични ўзида жамлаган композит индекс асосида тузилган бўлиб, 2020-2021 йиллар учун ҳисобланди.
Таҳлил натижаларига кўра, Тошкент шаҳри (рейтинг кўрсаткичи 65), Бухоро (57), Навоий (49) ва Фарғона (48) вилоятлари 2021 йилда Ўзбекистонда яшаш учун энг қулай ҳудудлар бўлгани аниқланди.
Йўналишлар бўйича энг яхши натижалар:
- Ижтимоий осойишталик: Навоий вилояти (69)
- Соғлиқни сақлаш: Тошкент шаҳри (75)
- Маданият ва атроф-муҳит: Тошкент шаҳри (70)
- Таълим: Қорақалпоғистон Республикаси (63)
- Инфратузилмавий имкониятлар: Тошкент шаҳри (85)
2020-2021 йилларда рейтинг ҳолатида қуйидаги ўзгаришлар рўй берди:
Фарғона вилояти 7-поғонадан 4-поғонага, Тошкент вилояти 12-поғонадан 9-поғонага кўтарилган, Қорақалпоғистон Республикаси 9-поғонадан 12-поғонага, Самарқанд вилояти 4-поғонадан 5-поғонага, Жиззах вилояти 5-поғонадан 6-поғонага ҳамда Андижон вилоят 5-поғонадан 6-поғонага тушган.
Қайд этилишича, 2020-2021 йиллар давомида мамлакатимиздаги барқароқлик кўрсаткичи +1,0 пунктига, соғлиқни сақлаш йўналиши кўрсаткичи +1,4 пунктига, таълим кўрсаткичи +3,1 пунктига, инфратузилмалар кўрсаткичи +0,5 пунктига ортган, маданият ва атроф-муҳит йўналиши кўрсаткичи -0,2 пунктига пасайган.
Тадқиқот даврида энг яхши натижа таълим йўналишида қайд этилган. ПМТИ мутахассислари бу йўналиш бўйича ижобий натижаларни масофавий таълим платформалари ишга туширилгани, олий таълим муассасалари қабул квоталарининг оширилгани билан изоҳлашди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон ҳудудларининг яшаш учун қулайлик индекси ҳудудларнинг комплекс ривожланиш даражаси, яшаш ва ишлаш имкониятлари, туристик салоҳиятини таққослашда ёрдам беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter