Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон БМТнинг биологик хилма-хиллик глобал дастурини қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистон БМТнинг биологик хилма-хиллик глобал дастурини қўллаб-қувватлайди

12 апрел куни Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Марказий Эко боғда Глобал экологик жамғармаси (GEF)нинг грант маблағлари ҳисобига Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида амалга ошириладиган Биохилма-хиллик бўйича глобал дастурини эрта қўллаб-қувватлаш (GBF-ЕАС) қўшма лойиҳасининг бошланғич йиғилиши ташкил этилди.

Маълумот учун, 2022 йил 19 декабр куни Биохилма-хиллик бўйича Кунминг-Монреал глобал дастури (GBF) 190 мамлакат томонидан маъқулланди. Ушбу тарихий дастур 2050 йилга келиб табиат билан уйғунликда яшайдиган дунё глобал консепцияси мақсадларига эришиш учун йўл харитасини белгилайди.

Дастурнинг асосий кўрсаткичлари 2050 йилга қадар 4 та мақсад ва 2030 йилга қадар 23 та нишонга эришиш ҳисобланади. Дастур биохилма-хиллик бўйича глобал ҳаракатлар учун мустаҳкам асос бўлиб, Иқлим ўзгариши бўйича Париж битимини тўлдиради ва 2050 йилга келиб иқлим ўзгаришига чидамли ва ва барқарор дунёга йўл очади.

“Ўзбекистон глобал интеграция масалаларида фаол позицияни эгаллайди, — деди тадбирда нутқ сўзлаган Табиат ресурслари вазири Aзиз Aбдуҳакимов. — Биз биохилма-хиллик ва умуман табиатга жамиятнинг муносабатини ўзгартиришга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшишга интиламиз”.

Таъкидлаш керакки, биохилма-хиллик бўйича Кунминг-Монреал глобал дастурига қўшилиш билан бир вақтда Ўзбекистон дунёнинг бошқа кўплаб давлатлари каби уни амалга ошириш учун ўзининг миллий мақсадларини белгилаш мажбуриятини олди.

Бошланган лойиҳа Ўзбекистоннинг биохилма-хилликни сақлаш, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш, мониторингини амалга ошириш ва молиялаштириш бўйича сиёсатини белгилаб берувчи Миллий стратегияси ва Ҳаракатлар режасини глобал дастурининг кун тартибига мос келадиган тарзда қайта кўриб чиқишга кўмаклашади.

Биологик хилма-хилликни сақлаш ва ундан барқарор фойдаланишни таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси:

— меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

— давлат кадастрини юритиш ва ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси обйектлари мониторингини юритишни такомиллаштириш;

— сиёсатни шакллантириш ва қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган биохилма-хилликнинг ҳолати ва аҳамияти тўғрисидаги замонавий илмий ахборотни такомиллаштириш;

— ҳайвон ва ўсимликларнинг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларини тиклаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

— ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларидан ноқонуний фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш;

— муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (ҚТ) тизимини ва экологик туризмни ривожлантириш;

— аҳолининг онги ва экологик маданияти даражасини ошириш.

"Биохилма-хиллик ва экотизим хизматларининг йўқолиши харажатлар ва хатарларни ошириши ҳамда иқтисодий кўрсаткичларнинг пасайишига олиб келиши мумкин, — деди БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска. — Биз ҳозир ҳам ушбу таъсирларни сезмоқдамиз. Орол денгизининг қуриб бораётгани, бутун мамлакат бўйлаб тез-тез содир бўлаётган чанг бўронлари табиий ресурслардан масъулиятли тарзда фойдаланиш лозимлигини англатади”.

Маълумот учун, Ўзбекистон биохилма-хиллиги 27 мингдан ортиқ турларни ўз ичига олади. Улар орасида умуртқасиз ҳайвонларнинг 14900 тури, умуртқали ҳайвонларнинг эса 715 тури учрайди. Умуртқалиларнинг 107 тури сутемизувчилар, 467 тури қушлар, 61 тури судралиб юрувчилар, 3 тури амфибиялар, 77 тури балиқлардир. Шунингдек, 11000 турдаги ўсимликлар, қўзиқоринлар, сув ўтлари бор.

Бундан ташқари, юқори ёввойи ўсимликларнинг 4300 тури бўлиб, улардан 8 фоизи эндемик турлардир.

Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига (2019) 206 ҳайвон ва 314 ўсимлик тури киритилган.

Aсосий глобал мақсадлардан бири бу 2030 йилга қадар дунё бўйлаб таназзулга учраган экотизимларни 30% қайта тиклаш, маълум турларнинг йўқ бўлиб кетишини тўхтатиш ва 2050 йилга келиб барча турларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфини ва тезлигини ўн баравар камайтириш, 2030 йилгача пестицидлар хавфини камида 50% га камайтириш, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва ўрмон хўжалиги учун ажратилган ҳудудларни барқарор бошқариш ва агроекология ва бошқа биохилма-хилликни қўллаб-қувватлайдиган амалиётларни сезиларли даражада ошириш (мақсадларнинг тўлиқ рўйхати) ҳисобланади.

Келгуси икки йил давомида лойиҳа доирасида 2020 йилдан кейинги даврда биохилма-хилликни сақлашнинг устувор йўналишларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, миллий мақсадлар, мониторинг, сиёсат ва молиявий асосларни Глобал дастур билан мувофиқлаштириш ва эрта ҳаракатларни тезлаштириш мақсадида вазирлик ва идоралар, илмий доиралар, ННТлардан иборат миллий ва халқаро манфаатдор томонлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг