Ўзбек хоккейи жаҳонга таниладими?
Яқинда континентал хоккей лигаси вице-президенти Виталий Прохоров Ўзбекистон хоккей клуби хоккей лигасида иштирок этишини эълон қилди ва 2022 йилдаги Олимпия ўйинларидан сўнг ўзбек клуби Континентал лигага қабул қилиниши мумкинлигини қайд этди.
Албатта, бу Ўзбекистоннинг халқаро спортдаги позициясини мустаҳкамлаш учун катта имконият. Аммо шу кунгача хоккей ўлик ҳисобланган мамлакат бундай рақобатга дош бера олармикан, деган савол кўпчиликни ўйлантиради. Хоккей турнирлари ўтказилишию, халқаро лигаларда иштирок этиш у ёқда турсин, шу кунгача Ўзбекистонда ҳатто хоккей учун мўлжалланган спорт аренасининг ўзи ҳам йўқ эди. Қуруқ ва иссиқ шароит таъсирида мамлакатимизда энг оммалашган спорт тури футбол бўлиб, афсуски, бу борада ҳам кутилган натижаларга эришилди, деб айта олмаймиз. Бордию хоккейда ҳам аҳвол шу бўлсачи? Яхшиси, шарманда бўлишдан аввал чекина қолайлик деган фикр айримларнинг хаёлига келган бўлиши мумкин. Аммо футболдан сўнг умидсизликка тушган спорт мухлислари Ўзбекистонда хоккей ўша машҳур «Ҳумо» аренаси қад ростлаши туфайлигина пайдо бўлиб қолмагани, бундан анча йиллар аввал ҳам қуёшли ўлкамизда хоккей яшаганини эсга олишлари керак.
Юртимизнинг жазирама об-ҳавосига қарамасдан бир вақтлар хоккей юртимизда анчайин ривожланган бўлиб, бу борада ютуқларга эришилган, ҳатто 1972 йилда ўзбек клуби дунёдаги энг жанубий хоккей клуби сифатида Гиннес Рекордлари китобига киритилган эди. Ўша даврни яхши эслайдиганлар «ҳа, энди у пайтлар бошқа эди-да» деб айтишади. Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистонга хоккей собиқ иттифоқ даврида кириб келди. Кириб келди, деб нонни асалга ботирмасдан, «олиб кирилди» деб ҳаммага аён ҳақиқатни яна бир бор ошкор қилсак ҳам бўлади, менимча.
«Офтобда тобланган» ўзбек спорти учун қишки спорт ўйини ҳисобланган хоккей бутунлай бегона эди ўша даврларда. Кириб келди, деб айта олмаслигимизнинг яна бир сабаби бу спорт турига Ўзбекистонда жамият томонидан қизиқиш билдирилиб, эркин тарзда оммалашиши учун асосий фактор бўлган, катта сарф-харажат талаб этувчи муз саройининг мавжуд бўлмаганидир. Аммо мамлакатга хоккей «олиб кирилишининг» нимага керак бўлиб қолганини ўрганишдан олдин умуман собиқ иттифоққа хоккей қандай қилиб келиб қолди, деган саволга жавоб бериш лозим.
Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган, бутун дунёга ўз қудратини тўлақонли намойиш этган собиқ иттифоқдек кучли мамлакатга хоккей нимага керак бўлиб қолди? Устига устак ўша пайтда собиқ иттифоқда жаҳонда хоккейдан анча машҳур ҳисобланган футбол гуллаб яшнаган, хоккейнинг ҳам тўп билан ўйналадиган «бенди» деб аталувчи тури миллионлар учун севимли спорт бўлиб, «рус хоккейига» айланиб улгурган эди. Яна бир томондан ўша пайтда урушдаги ғалабадан сўнг ўзини хориж мамлакатларидан устунроқ эканига ишонган коммунистик мамлакат учун канадаликлар хоккейи ҳисобланган шайбали хоккейни тан олиш ва ўз майдонида жорий этиш бир қарашда ғайритабиий туюлади. Аммо ҳаммаси яна сиёсатга бориб тақалиши, ҳеч қандай ғайритабиий нарсанинг ўзи йўқлигини кўрсатади.
Урушдан сўнг собиқ иттифоқда барча соҳаларда энг яхши натижаларни қайд этиш, жаҳоннинг бошқа давлатларидан қудратлироқ эканини исботлаш сиёсати олиб борилган. Тинч даврда жаҳоннинг бошқа мамлакатлари билан очиқдан-очиқ беллашиб, ўзининг устунлигини исботлаш мумкин бўлган ягона майдон бу, албатта, спорт эди. Иттифоқ ўзининг барча кучларини ушбу майдонга сафарбар қилди.
Бу майдондаги асосий жанг Бутунжаҳон Олимпия Ўйинларидир. 1948 йилги Швейцарияда ўтказилган Олимпия ўйинларида собиқ иттифоқ спортчилариниг иштирок этмаслиги ҳам бежиз эмас эди. «Тепадагилар» ўша пайтда иттифоқ кам олтин қўлга киритади, деб ҳисоблашган, «асосийси – иштирок» тамойили эса «қизил империя» учун амал қилмас эди. Аммо 1952 йилги Хельсинкидаги ёзги олимпиадага иттифоқ спортчилари пухта тайёрланиб йўл олишади ва уйга олтин медаллар билан қайтишади. Лекин шу йили собиқ иттифоқ Ослодаги қишки олимпиадани ўтказиб юборади. Бунга сабаб эса...
Ҳа, бунга сабаб қишки олимпиада ўйинларининг асосий спорт тури ҳисобланган, шу билан бирга коммунистларнинг нозик тарафи бўлган шайбали хоккей эди. Собиқ иттифоққа хоккей нима учун керак бўлиб қолгани аён. Шу тарзда 1954 йилда шайбали хоккей бўйича жаҳон чемпионатидаги илк иштирокидаёқ канадаликларни хоккейда мағлуб этиб, жаҳон чемпионига айланади ва иттифоқнинг ҳар соҳада «биринчилигини» яна бир бор исботлайди.
1969 йили Тошкентда биринчи спорт муз саройи – «Юбилейний»ни қуриш ишлари бошланди. Мазкур саройнинг номланиши ҳам ўзига хос эди. Спорт саройи 1970 йилнинг апрель ойида ўз эшикларини очади. Орадан бир йил ўтиши биланоқ «Юбилейний»да биринчи Ўзбекистон кубоги учун катта хоккей турнири ўтказилади. Турнирда ғолибликни «Спартак» жамоаси қўлга киритади. Спорт саройи ҳам қурилди, хоккей ҳам Ўзбекистонда ўз мухлисларига эга бўла бошлади. Энди мамлакатда ўз хоккей жамоасини тузиш фурсати етганди.
Шу йилнинг ўзидаёқ Тошкентда «Спартак» хоккей жамоаси тузилади. Шу ўринда ўша пайтда Александр Сакеев, Ринат Боймухаметов, Юрий Митрофанов каби сибирлик ўйинчилар ўзбек хоккейи довруғини бутун иттифоқ бўйлаб танитишганини қайд этиш лозим. 1973 йили клуб номи ўзгартирилди ва «Бинокор» деб атала бошланди. Клуб мураббийларидан бири бўлган Виктор Столяровнинг ўша йилларда берган интервьюсида айтилишича, ўша пайтда болалар хоккей мактаблари ҳам фаолият юритган, аммо улар сон жиҳатдан анча кам бўлган. Тошкентда хоккей ривожининг асосий муаммоси эса муз етишмовчилиги, яъни табиий музли саройларнинг мавжуд эмаслиги бўлиб, спорт саройида баъзида ҳатто жамоа ўйинчиларига ҳам муз етишмаган. Демак, иқлим хоккей борасидаги ютуқларга катта тўсиқ бўлганлиги кўриниб турибди.
2013 йили ўзбек хоккейи фахрийлари ва мухлислари ташаббуси билан «Бинокор» жамоаси қайта тикланди ва Ўзбекистон хоккей федерациясига асос солинади. 2019 йилнинг февраль-март ойларида бўлиб ўтган хоккей бўйича Ўзбекистон чемпионати ўзбек хоккейининг янги даврини бошлаб берди. Чемпионатда пойтахтнинг 4 та клуби – «Бинокор», «Ҳумо», «Семурғ» ва «Тошкент» иштирок этди. Кейинги муҳим қадам Тошкентдаги «Ҳумо» аренасининг расмий очилиш маросими бўлди. Мақсад сари қўйилаётган яна бир қадам – Жисмоний тарбия университетида хоккей кафедрасига асос солинаётганлигидир. Албатта, ўзбек хоккейи учун миллий кадрларни етиштириш асосий масала. Ушбу масалада Ўзбекистон хоккей Федерацияси фаол ҳаракат қилиши лозим. Бу борада Ўзбекистон хоккей Федерацияси вице-президенти Баҳодир Ғафуров шундай дейди:
«Федерация бугунги кунда хоккейнинг вилоятларда ривожланиши учун фаол ишламоқда. Самарқандда муз аренаси қурилиш ишлари олиб бориляпти. Яқинда бир қанча вилоятларда муз майдонлари қурилиши режалаштирилган. Хоккейни оммалаштириш учун биз чекка ҳудудларга етиб боришимиз лозим. Айнан шундай ҳудудлардан иқтидорли болалар чиқиши керак. Биз кўзланган натижага эришиш мумкинлигига ишонамиз, фақат бунинг учун вақт керак. Бу бир кунлик ёки 2-3йиллик иш эмас. Бу борада миқдордан сифатга қараб ҳаракатланиш лозим. Бугун биз республика бўйлаб кўплаб болаларни хоккей секцияларига қабул қилиш учун шароит яратишимиз керак. Бунинг учун кўп муз, кўплаб секциялар ва кўплаб болалар керак. Улар бизга 10-15 йилдан сўнг маҳаллий ўйинчилардан ташкил топган, рақобатга дош берувчи миллий терма жамоани шакллантиришга имконият яратади».
Нима бўлганида ҳам хоккей Ўзбекистонга кеча келиб қолган бутунлай бегона спорт тури эмас. Бу борада ўзбек хоккейи фахрийси Шукурулло Каримов шундай дейди:
«Мухлислар ҳақида бир воқеани айтиб бераман. Ўша пайтда «Бинокор»да «Салават Юлаев» ва «Ак Барс» билан принципиал қарама-қаршилик мавжуд эди. Уфага ўйинга бордик, чипталар бир ой аввал сотиб бўлинганди. Муз саройи раҳбари «Салават»да доимо тошкентлик «Бинокор» келганида чипталар билан муаммо бўлишини, бир ой аввалдан чипта қолмаганлигини айтди. Бу нуфузли ўйинлар эди. Стадион доимо тўла бўлган. Мухлислар ҳаттоки. биз меҳмонхонанинг қайси хоналарида яшашимизни ҳам билишарди. Уфалик, қозонлик ишқибозлар бизга мухлислик қилишни исташарди».
Бугунги кунда ҳам ўзбек хоккейининг ўша пайтдаги нуфузини тиклаш, бир сўз билан айтганда, йиллар давомида яшаб қолиш учун курашаётган Ўзбекистондаги хоккейни тирилтириш мумкин. Ўзбекистонга хоккей энг аввало бошқа ҳар қайси спорт тури сингари аҳоли саломатлигини таъминлаш учун керак. Бундан ташқари, ушбу спорт тури орқали халқаро сиёсатда турли алоқалар ўрнатиш, мамлакат иқтисодиётини молиявий жиҳатдан бойитиш мумкин. «Ҳумо» аренаси қад ростлаши туфайли Ўзбекистон хоккей бўйича халқаро мусобақаларни ўтказиш имкониятига эга бўлди. Бундай турнирларга мезбонлик қилиш Ўзбекистоннинг бир қатор давлатлар билан икки томонлама манфаатли дипломатик муносабатларни шакллантиришига хизмат қилади. Ўзбекистон ҳам спортга нафақат маданият, балки бугунги кундаги метоиқтисодий сиёсатнинг муҳим қисми бўлган «катта бизнес» сифатида қарашни бошлаши даркор. Хоккей Ўзбекистонга албатта керак ва бугун хоккейни ўзбекларга ҳам кераклигини таъминлаш лозим. Албатта, бу катта вақт талаб этади. Бугун қайси чекка ҳудуддаги хонадоннинг аъзосидан сўраманг Месси ёки Роналдонинг ўйиндаги турли тактикалари ҳақида сизга ипидан игнасигача ҳикоя қилиши мумкин. Аммо Кросби ёки Кейн ким эканлиги ҳақида шаҳар аҳолисининг катта қисми ҳам ҳеч қандай тасаввурга эга эмаслигини тахмин қилиш мумкин.
Дунё хоккей ишқибозлари орасида шундай гап бор: «Ўзбекистон учун хоккей экзотика». Бугун олдинда турган мақсад экзотикани Ўзбекистондаги оммавий спорт турига айлантиришдир. Ушбу мақсадга эришиш учун йиллар давомида аста-секин қатор қадамларни босиб ўтиш лозим. Шу орқалигина кўзланган натижага эришиш, хоккейнинг Ўзбекистон учун экзотика эмас, жамиятнинг севимли спорт тури ва мамлакатнинг жаҳон миқиёсида стратегик жиҳатдан шаклланишидаги муҳим факторга айлантириш мумкин.
Ҳусниябону АЛИМОВА
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter