Озарбайжон ТИВ Арманистонга чақириқ билан чиқди
Озарбайжон томонидан минтақада тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш йўлида кўрилаётган чора-тадбирларга Арманистон ҳам муштарак жавоб қайтариши керак. Бу ҳақда Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов 15 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашувида гапирди.
Озарбайжон бош дипломати машварат қатнашчиларига минтақада урушдан кейинги вазият, Боку ва Ереван ўртасидаги муносабатларни барқарорлаштириш, ишғолдан озод қилинган ҳудудлардаги қурилиш-тиклаш ишлари ва мина таҳдиди ҳақида батафсил маълумот берди.
Ж.Байрамов Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш ва қарийб 30 йиллик оккупацияга чек қўйишда кўмакдош ва хайрихоҳ бўлган барча ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.
Сиёсатчи глобал ўзгаришлар даврида «Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» форматидаги мулоқотнинг аҳамиятига катта баҳо берди.
Эслатиб ўтамиз, БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчилари конференциясининг 29-сессияси (COP29) бу йил Озарбайжонда ўтказилади. Ж.Байрамов ушбу йирик тадбирга ҳозирлик ҳақида ахборот берди. У Глобал шимол ва Глобал жануб ўртасида ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини ҳам урғулади.
Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ТИВ учрашувида фахрий меҳмон сифатида қатнашган Жайҳун Байрамовни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилди. Учрашувда икки давлат стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш ҳамда ҳамкорликнинг 10 та янги йўналиши бўйича истиқболли лойиҳалар портфелини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter