Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўндан ортиқ наркотик моддалар савдосига алоқадор шахслар ушланди  

Ўндан ортиқ наркотик моддалар савдосига алоқадор шахслар ушланди  

Давлат хавфсизлик хизматининг ҳудудий бошқармалари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда 12 нафар гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган шахслар ушланди.

Жумладан, Хизматнинг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан 1970 йилда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган, ҳозирда Когон туманидаги фермер хўжаликда қоровул бўлиб ишловчи фуқаро ушланди ва ундан келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 581 гр. «опий» моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида Бухоро шаҳрида яшовчи, 62 ёшли фуқаро ушбу наркосавдогардан муқаддам 158 гр. «опий» моддасини сотиб олганлиги аниқланиб, ундан ҳам ашёвий далиллар тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур гиёҳвандлик воситалари Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан мамлакатимизга олиб келинган.

Сирдарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса «Сурхондарё – Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt  автомашинаси «Сирдарё» ЙПХ масканида тўхтатилиб текширилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Денов туманида яшовчи, 26 ёшли фуқаро ёнида 286 гр. «гашиш» моддаси борлиги аниқланди ва ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Аниқланишича, мазкур гиёҳвандлик воситалари Тожикистон Республикасидан олиб келинган.

Бу йўналишда Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича Бошқармаси ходимлари ҳам бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказишди.

Дастлаб, Фарғона шаҳрида яшовчи, 25 ёшли фуқаро бошқарувидаги Malibu автомашинаси «Қува - Фарғона» йўналишида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилганда, у ходимларнинг қонуний талабларига бўйсинмасдан, воқеа жойидан қочишга уринган.

Бироқ, тезкор гуруҳ томонидан кўрилган чоралар натижасида автомашина тўхтатилиб, унинг ҳайдовчиси ва салонида бўлган 2 нафар фуқаро ушланди ҳамда улар томонидан йўл четига улоқтириб юборилган 905 гр. «гашиш» моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Сўнгра Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Matiz автомашинаси Марғилон шаҳрида тўхтатилиб текширилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Наманган шаҳрида яшовчи, 34 ёшли фуқарога тегишли 925 гр. «гашиш» моддаси борлиги маълум бўлди ва ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб ушбу наркотик моддаларни Тожикистон Республикасидан буюртма қилиб, Қирғиз Республикаси орқали олиб келтирган Бешариқ туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган шахс ҳам ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 34 ёшли фуқаро Қирғиз Республикасидан контрабанда йўли билан келтирилган 957 гр. «гашиш» моддасини олиб, йўловчи машинада Қува тумани ҳудудида ҳаракатланаётган вақтида қўлга олинди.

«Наманган - Қўқон» йўналишида ҳаракатланаётган, Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи, 27 ёшли фуқаро бошқарувидаги Lacetti автотранспорт воситаси Қўқон шаҳри ҳудудида тўхтатилиб кўздан кечирилганда, автомашина салонида 833 гр. «гашиш» моддаси борлиги маълум бўлди ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  https://t.me/xavfsizlik_uz/851

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг