Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги талабаларга яна мурожаат қилди
Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги талабаларга янги мурожаат билан чиқди.
Маълумки, жорий ўқув йили учун белгиланган қишки таътил даври 24 январга қадар узайтирилди. Шу билан бир қаторда талаба-ўқувчиларга ўз уйларидан таълим муассасаларига қайтишларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида темирйўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам 2022 йилнинг 24 январига қадар узайтирилди.
Бундан ташқари, 2022 йилнинг 11 январигача бўлган муддатга харид қилинган авиа ва темирйўл чипталари бепул тарзда тегишли муддатга алмаштириб берилмоқда.
Ижтимоий тармоқлар орқали вокзаллардаги темирйўл кассаларида катта навбатлар юзага келгани ва бу эса темирйўл кассаларида чипта сотувида айрим ноқулайликлар келтириб чиқараётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Вазирлик темирйўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам, 11 январгача бўлган даврга харид қилинган авиа ва темирйўл чипталарини бепул тарзда алмаштириб бериш муддати ҳам 2022 йилнинг 24 январига қадар узайтирилганини яна бир бор эслатган.
«Шундай экан, азиз талабалар, ҳурматли ота-оналар 24 январга қадар захирангизда қарийб 17 кун бор.
Барча талабаларнинг 11 январгача бўлган даврга харид қилинган темирйўл чипталари тўлиқ бепул тарзда алмаштириб берилади. Эҳтиёждан келиб чиқиб, қўшимча йўловчи поездлар қатнови ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Шунингдек, сиз чипталарни жойлардаги (шаҳар, туман) темирйўл кассаларидан ҳам алмаштириш имконига эгасиз.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда, сиздан чипта кассаларида узоқ навбатларда туриб, вақтингизни беҳудага сарфламаслигингизни сўраймиз»,—дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2021/2022 ўқув йилининг иккинчи ярмини тўлиқ ва пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошлаш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишқи таътил муддати 2022 йил 24 январга қадар узайтирилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter