«Агробанк»нинг яна бир филиали раҳбарининг қилмишлари фош этилди
АТБ «Агробанк» Мирзаобод филиали бошқарувчиси А.Г.нинг (эндиликда собиқ) қатор қилмишлари фош бўлди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.
Маҳкама ҳузуридаги Департаментнинг Мирзаобод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда А.Г. «Т.П» фермер хўжалиги раҳбарининг хабардорлигисиз унинг номидан 17,6 млн. сўм маблағларни бошқа хўжалик юритувчи субъект ҳисоб рақамига ўтказиб юборгани, шунингдек, яна бир фермернинг кредит қарздорлигини сўндириш учун тўланган 17 млн. сўм нақд пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборгани аниқланди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. А.Г. 3 та хўжалик юритувчи субъектга (уларнинг хабардорлигисиз) жами 520 млн. сўм кредит расмийлаштириб, шунча пулниям «туя қилворгани» фош этилган.
Қайд этилган ҳолатлар бўйича А.Г. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кейин тўрт ойда АТБ «Агробанк»нинг Дўстлик, Пахтакор (Жиззах вилояти), Тўрақўрғон (Наманган вилояти) ва Гурлан (Хоразм вилояти) филиаллари бошқарувчиларига нисбатан имтиёзли кредитлар ажратишдаги «ўйинлари» сабаб жиноят ишлари қўзғатилганди.
Мана, уларнинг сафига банкнинг яна битта филиали раҳбари қўшилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter