Никоҳнинг 70 йиллигини нишонлаган эр-хотин уч ҳафтадан сўнг бир кунда вафот этди
Американинг Огайо штатида эр-хотин тўйларининг 70 йиллигини нишонлагандан уч ҳафта ўтиб бир кунда вафот этди. Бу ҳақда «People» хабар бермоқда.
2020 йил декабрь ойи охирида 89 ёшли Дик Мик ва 87 ёшли Ширли Мик бирдан ўзларини ёмон ҳис қила бошладилар. 8 январь куни улар COVID-19га тест топширдилар. Афсуски, таҳлил натижалари мусбат чиқди. Улар ўша куниёқ шифохонага ётқизилди.
Уларнинг аҳволи кескин ёмонлаша бошлади. Қариндошлари шифокорлардан эр-хотинга ҳаётларининг сўнгги лаҳзаларини бирга ўтказишларига рухсат беришни сўрашди. 16 январь куни улар битта хонага кўчирилиб, ётоқлари ёнма-ён жойлаштирилди. Эр-хотин бир-бирларининг қўлларидан тутишди. Ширли бошини Дикнинг елкасига қўйди. Ҳамширалар уларнинг ёқтирган қўшиқларини секин ёқиб қўйишди. Aввал аёли ҳаётдан кўз юмди, бир неча дақиқадан кейин эса Дик вафот этди.
«Улар оламдан ўтишди. Уларнинг севги тарихи йиллаб давом этди ва худди эртаклардаги каби ниҳоясига етди. Кўнглимиз вайрон, лекин хотиржаммиз: энди улар абадий бирга», — деб ёзади қариндошларидан бири.
Дик ва Ширли 19 январь куни COVID-19га қарши вакцина қабул қилиши керак эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter