Намангандаги сув иншоотини қуриш тендерида 23 та хорижий компания қатнашади
Президент қарорига кўра Наманган шаҳар оқова сув иншоотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш ва эксплуатация қилиш режалаштирилган. Бу ҳақда «Ўзсувтаъминот» АЖ матбуот хизмати хабар қилди.
Бугунги кунда мазкур лойиҳа «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва Осиё тараққиёт банки билан биргаликда амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда Наманган шаҳар оқова сув иншоотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича халқаро очиқ тендер эълон қилинган эди. Ушбу тендерда қатнашиш учун жами 23 та хорижий компания ариза берган.
Хусусан, Туркиядан 8 та, Жанубий Кореядан 4 та, Франция ва Буюк Британиядан 2 тадан, АҚШ, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Нидерландия, Испания ва Япониядан 1 тадан хорижий компаниялар халқаро очиқ тендерда қатнашиш истагини билдирган.
Наманган шаҳар оқова сув иншоотининг тизимлари 1960 йилда қурилган бўлиб, бугунги кунда ушбу оқова сув тозалаш иншоотларининг 70 фоизи таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмагани натижасида ишдан чиқиб, тозаланмаган оқова сув Сирдарё дарёсига оқизилмоқда.
Осиё тараққиёт банкининг ёлланган хорижий экспертлари томонидан 2019 йил сентябрь ойидан бугунги кунга қадар ўтказилган тадқиқотлар натижасида ҳозирги вақтда мазкур объект жуда оғир аҳволда ва фойдаланишга яроқсиз экани, оқова сув ифлослантирувчи моддалардан деярли тозаланмаётгани, мавжуд тизимни тиклаб бўлмаслиги ва унинг ўрнига янги иншоот қуриш талаб этилаётгани тўғрисидаги хулосаси олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter