Мутахассис эркаклар саломатлиги учун фойдали маҳсулотларни маълум қилди
Россиялик шифокор-диетолог Елена Соломатина эркак организмида тестостерон танқислигини бартараф этувчи маҳсулотлар номини маълум қилди. Унинг сўзларини «Вечерняя Москва» келтирган.
Соломатинанинг айтишича, тез ҳазм бўладиган оқсилга бой маҳсулотлар — товуқ гўшти, ёғсиз творог, мол гўшти ҳамда тухум сариғи жинсий қувватни оширишга ёрдам беради. Шунингдек, бузоқ гўшти таркибида оқсилдан ташқари, эркаклар саломатлигини мустаҳкамловчи В12 витамини бор.
Тестостерон миқдорини кўпайтириш учун диетолог денгиз маҳсулотлари, жумладан, қисқичбақа ва моллюскаларни ейишни маслаҳат беради. Ушбу маҳсулотлар таркибидаги рух хоҳиш ва ҳис-туйғуни кучайтиради. Экспертнинг аниқлик киритишича, қовоқ уруғини истеъмол қилиш орқали ҳам керакли миқдорда рухни олса бўлади.
Жинсий қувватга, шунингдек, омега-3 ёғ кислоталари ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Уларнинг таркибида кўп миқдорда оқсил, фосфор ва рухдан ташқари холестерол ҳам мавжуд. Айнан ундан организм жинсий гормонлар ҳосил қилишда фойдаланади.
Йигитларга таомномага ёғли маҳсулотларни қўшиш тавсия этилади. 35 ёшдан ошган эркакларга эса ўсимлик оқсили, масалан, нўхат ва ловия ейиш фойдали. Соломатина эркакларни гликемия индекси юқори бўлган пиво ёки сояни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилмасликка чақиради. Шифокорнинг сўзларига кўра, бу маҳсулотлар семизликка олиб келади ва тестостерон даражасини камайтиради.
Диетологнинг сўзларига кўра, сут маҳсулотлари, ширинликлар, пишириқлар, лимонад ва газланган ичимликлар тестостерон камайишига сабаб бўлади. Соломатинанинг таъкидлашича, эркаклар умумий саломатлиги ва жинсий қувват учун овқатланишига эътибор бериши, стрессдан сақланиши ва спорт билан шуғулланиши керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter