Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мун Чже Ин Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишига кўмаклашишини айтди

Мун Чже Ин Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишига кўмаклашишини айтди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 январь куни Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказгани хабар қилинганди.

Учрашувда давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатлар борасида сўз юритар экан, алоҳида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш тарафдори эканликларини таъкидладилар.

Мунтазам сиёсий маслаҳатлашувларни давом эттириш ва парламентлараро алмашинувларни фаоллаштириш, мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш бўйича икки томонлама тадбирлар дастурини тайёрлаш юзасидан келишувларга эришилди.

Олий, касб-ҳунар ва мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, маданий мерос объектларини рақамлаштириш ва реставрация қилиш соҳаларидаги ҳамкорликнинг жорий ва истиқболли дастурлари кўриб чиқилди.

Президентлар Ўзбекистон ҳудудларида Жанубий Корея етакчи университетларининг филиаллари ва кадрларни профессионал тайёрлаш бўйича қўшма марказлар сони ортиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар. Етакчи олий таълим муассасаларида ўзбек ва корейс тилларини ўқитишни кенгайтиришга, шунингдек, корейс диаспорасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Иқтисодий соҳада Ўзбекистон ва Корея ҳукуматлари ва идоралари даражасида йўлга қўйилган самарали ишлар қайд этилди. Президентлар инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва юзага келадиган масалаларни тезкор ҳал қилиш мақсадида ушбу мулоқотларни давом эттириш топшириғини бердилар.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланганидек, жорий йилда жанубий кореялик ҳамкорлар иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида жами 400 миллион долларгача инвестицияларни ўзлаштириш кутилмоқда.

Бундан ташқари, юқори технологик соҳаларда, шу жумладан энергетика, нефть-газ, кимё ва нефть-кимё, фармацевтика, қайта ишлаш саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани модернизация қилиш, транспорт ва логистика, туризм ва кўплаб бошқа тармоқларда қиймати жами 3,4 миллиард доллардан зиёд бўлган 55 та янги лойиҳа тайёрланмоқда.

Икки томонлама устувор дастурларни амалга оширишда Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш фонди (EDCF) ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан самарали шериклик олиб борилаётгани юксак баҳоланди.

Давлат раҳбарлари ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш муҳим эканини таъкидладилар. Кейинги йилларда товар айирбошлашда рекорд кўрсаткичларга эришилди.

Экспорт-импорт амалиётлари ўртасидаги номутаносибликни текислаш ва уларнинг номенклатурасини диверсификация қилиш масалаларига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш учун фитосанитария хизматларининг ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу мақсадда томонлар эркин савдо тўғрисидаги икки томонлама битимни имзолаш бўйича музокараларни бошлайдилар.

Президент Мун Чже Ин Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши масаласига ҳар томонлама кўмаклашишини яна бир бор тасдиқлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг