Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мобил телефон орқали коронавирус юқтириш мумкинми?

Мобил телефон орқали коронавирус юқтириш мумкинми?

Иллюстратив фото

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекцияси раҳбари Нурмат Отабеков иштирокида брифинг ўтказилди.

Унда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ долзарб саволларга жавоб қайтарилди.

— Хитой коронавируси аслида биологик қурол эканлиги ростми?

— Расмий версия қуйидагича: янги вирус тарқалишининг манбаси тахминан Ухандаги денгиз маҳсулотлари, шунингдек, ёввойи ва экзотик ҳайвонлар (бўри, тулки, илонлар, кўршапалак ва ҳоказо) гўшти савдоси билан шуғуллланадиган шаҳар бозори ҳисобланади.

Табиатда айнан кўршапалаклар коронавирус инфекциясининг асосий ташувчиси ҳисобланади.

Фикримча, коронавирус Хитой биологик қуроли эмас, чунки айнан Хитой ўз вақтида ушбу пандемиядан ўта жиддий азият чеккан.

— Нега интернет тармоқларида тиббиёт ходимлари коронавирус ташхиси, даволаш ва профилактикаси бўйича бир-бирига умуман қарама-қарши фикрларни ёзишяпти? ССВ раҳбарлигида ҳамма шифокорлар ягона бир тўхтамга келиб олиб, бир хил тавсиялар берса бўлмайдими? Уларга қулоқ солган аҳолининг ҳам боши қотиб қолган, кимга ишонишини билишмайди.

— Бир соҳа вакилларининг ҳар-хил фикрда бўлишлари табиий ҳол, у ўз йўлида баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб, натижада ҳақиқат қарор топади.

Кузатиб бораяпман баъзи тиббиёт ходимлари қайсидир тоифадаги (категория) беморларга нималарнидир тавсия этса, дарҳол иккинчи бир шифокор пайдо бўлиб, ушбу тавсияларнинг нотўғри эканлигини, фойда бермаслигини, ҳатто зарари борлигини ёзмоқда.

Назаримда тиббиёт ходимлари бир-бирини тўлдиришни, қўшимча тавсиялар беришни, лозим бўлса қайсидир шифокор ниманидир билиб-билмай нотўғри тавсия қилган бўлса, киши билмас ушбу вазиятдан шифокорни ва унинг тавсияларига ишонган фуқарони олиб чиқиб кетишни ўрганишлари керак.

— Ўткир респиратор инфекциялар билан шифокорга мурожаат қилганда даволаш учун антибиотиклар тайинланган.  Коронавирус инфекциясини антибиотиклар ёрдамида даволаш ва олдини олиш мумкинми?

— Йўқ, антибиотиклар вирусларга таъсир кўрсатмайди, улар фақат  бактериал инфекцияларга таъсир кўрсатади.

Шунинг учун коронавирус инфекциясини даволашда ва касалликнинг олдини олишда  ўзбошимчалик билан антибиотикларни қабул қилиш мумкин эмас.  Уларни  фақат касалликни кечишига қараб шифокор тавсияси билан вирусли инфекциялар асоратини даволашда қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.

— Мобил телефон орқали коронавирус юқтириш мумкинми?

— Албатта, юқиши мумкин. Мобил телефон бошқа буюмлар каби касаллик қўзғатувчиси, шу жумладан коронавирус инфекцияси ташувчиси бўлиши мумкин.

Мобил телефондан кўчада, транспортда, жамоат жойларида кенг фойдаланилади, эшик ва зинапоя тутқичлари, магазинларда аравачалар ва бошқа жойларга қўл билан теккандан сўнг  тез ифлосланганлиги учун  телефонни тез-тез ва доимий равишда антисептик ёрдамида зарарсизлантириш керак. Агар телефон ғилофда бўлса, албатта ғилоф ечилиб тозаланиши керак.

— Тиббиёт чиқиндилари (нина, қўлқоп, ниқоб, фойдаланилган ПЗР-тизим) утилизацияси (йўқ қилиш) қандай амалга оширилади?

— ЖССТ маълумотларига кўра, 15 фоизга яқин тиббиёт ва санитария чиқиндилари инсон ва атроф-муҳит учун хавфли ҳисобланади.

Улар инфекцион, кимёвий ёки радиактив хавфга эга бўлиб, одамларни оммавий заҳарлаш ва экологияни узоқ муддатга ифлослантиришга қодир.

Шунинг учун  тиббиёт чиқиндиларини йўқ қилиш санитария қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг