Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси 18 йилга «кесилди» — Қозоғистон

Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси 18 йилга «кесилди» — Қозоғистон

Кеча, 24 апрель куни Остона шаҳар жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) собиқ раиси Карим Масимовни 18 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

Собиқ Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси давлатга хиёнат, ҳокимиятни куч билан тортиб олиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилган.

Суд қарорига кўра, Масимовга тегишли мол-мулк мусодара қилинади. Бундан ташқари у давлат хизматидаги лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан умрбод маҳрум этилган.

Шунингдек, КНБ раисининг собиқ ўринбосари – Ануар Садиқулов ҳам Массимов билан бир хил моддалар бўйича айбдор деб топилган ва 18 йил қамоқ жазосига маҳкум этилган. КНБ раисининг собиқ ўринбосари Даулет Ергожин ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилган. У 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

КНБ раҳбарининг яна бир ўринбосари Марат Осипов мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилиб, суд уни давлат хизматида лавозим эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, уч йилга озодликдан маҳрум қилди.

Масимов, Садиқулов, Ергожин ва Осиповлар унвонлари ва давлат мукофотларидан маҳрум қилинган. Суд ушбу ишлар бўйича давлат даромади учун 10 миллиард тенге (21,9 миллион доллардан ортиқ) ва 24 миллион доллардан ортиқ пул ундирган.

Маълумот учун, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаевнинг 2022 йил 5 январдаги фармони билан Массимов мамлакатдаги нотинчликлар туфайли КНБ раиси лавозимидан озод этилган эди. Шундан сўнг у 8 январь куни Массимов давлатга хиёнатда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг