Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Метродаги «ишкал»га изоҳ берилди

Метродаги «ишкал»га изоҳ берилди

Тошкентда метро поезди йўловчилар ҳаётини хавфга қўйиб очиқ эшик билан ҳаракатлангани ҳақида хабар берилганди.  

Тошкент метрополитени мазкур ҳолатга изоҳ бериб, ёпилмаган эшик воқеаси бўйича суриштирув ишлари бошланганини маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳар бир метро поездида локомотив эшик сигнализацияси мавжуд бўлиб, у поездларнинг очиқ эшиклари билан ҳаракатланишига йўл қўймайди. Бироқ эшикнинг ёпилишига сунъий халақит берилганида ёки ёпиш механизмига бирор буюм тушганида автоматик ёпилиш тизими ишламай қолади, чунки бу каби ҳолатларда эшикнинг пневматик магистрали ўчади.

«Вагонда фавқулодда ҳолатлар юзага келган тақдирда йўловчилардан ҳар бир вагонга ўрнатилган «йўловчи—машинист» махсус алоқа мосламаси орқали машинистга хабар беришларини сўраймиз. Шунингдек, эшикларга суянмасликни ва автоматик ёпилиш вақтида уни ушлаб қолиб, ҳаракатга тўсқинлик қилмасликларини сўраб қоламиз. Автоматик эшикларни кўпинча йўловчилар вагонга сиқилиб кириш ёки кимгадир ёрдам беришда ушлаб қолади. Натижада поезд станцияда белгиланганидан узоқроқ қолиб кетиши мумкин», — дейилади хабарда.

«Тошкент метрополитени» раҳбарияти содир бўлган воқеа юзасидан кечирим сўраган ва ушбу ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилаётгани, жумладан, вагон ва станциядаги видеоёзувлар ўрганилаётганини маълум қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг