Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Марказий Осиё давлатлари трансчегаравий хилма-хилликни сақлашни муҳокама қилмоқда

Марказий Осиё давлатлари трансчегаравий хилма-хилликни сақлашни муҳокама қилмоқда

Тошкентда Марказий Осиёда трансчегаравий табиатни муҳофаза қилиш бўйича минтақавий мулоқот бўлиб ўтмоқда. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлат ташкилотлари, маҳаллий ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

Минтақавий мулоқот Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN), Жаҳон банки ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.

«Ўзбекистон ҳукумати минтақавий трансчегаравий биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича билим ва тажриба алмашиш имконини берадиган тадбирига мезбонлик қилишдан мамнундир, — деди Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов тадбир очилишидаги нутқида. — Бу биз учун Марказий Осиёдаги умумий трансчегаравий йўлакларда экологик ва иқтисодий манфаатлардан фойдаланиш ҳамда табиатга боғлиқ туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган умумий қарашларни шакллантириш учун имкониятдир».

Тадбир Жаҳон банкининг Марказий Осиё учун барқарор ландшафтлар (RESILAND CА+) дастури ва GIZ томонидан амалга оширилаётган Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида тегишли соҳаларда ҳамкорликни рағбатлантирадиган учта минтақавий дастур: Яшил Марказий Осиё, Марказий Осиёда интеграциялашган ва иқлимга сезгир ерларни бошқариш (ILUCA) ҳамда Оролбўйи минтақасининг экологик йўналтирилган минтақавий ривожлантириш (EKO ARAL) дастурлари доирасидаги тадбирларнинг бир қисмидир.

Таъкидлаш жоизки, чегаралар билан ажратилган экотизимлар кўпинча турли хил сиёсат ва бошқарув тузилмаларига бўйсунади. Табиатни трансчегаравий муҳофаза қилиш иштирокчи мамлакатлардаги тегишли томонлар ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш орқали ушбу фарқларни бартараф этишнинг бир усули ҳисобланади. Мулоқот ёввойи табиатнинг гуллаб-яшнаши ва экотизим хизматларининг кўпайиши каби экологиядан тортиб, сиёсий ҳамкорлик, умумий чегарага эга мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш, иқтисодий ҳамкорлик ва ижтимоий ривожланишга қадар кўплаб афзалликларни яратиб беради.

«Жаҳон банки Марказий Осиё давлатларининг трансчегаравий биохилма-хилликни сақлаш бўйича биргаликдаги саъйи-ҳаракатларини олқишлайди. Биз RESILAND CА+ дастуримиз орқали минтақавий мулоқот ва ушбу соҳадаги аниқ ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз. Хусусан, Банк томонидан молиялаштирилган лойиҳа Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан чегарасидаги олтита трансчегаравий йўлакда ерларни қайта тиклаш бўйича аниқ тадбирларни амалга оширишга ёрдам беради», – деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги вакили Марко Мантованелли.

Трансчегаравий муҳофаза қилиш қўриқланадиган майдонларни кўпайтириш ва ўзаро алоқани яхшилаш орқали кўчиб юрувчи турларнинг узоқ муддат омон қолишига ёрдам беради. Бу жайрон ва сайғоқ каби ноёб турларга бошпана берадиган муҳим миграция йўлаклари жойлашган Марказий Осиё учун катта аҳамиятга эга.

«Умумий қараш, сиёсий етакчилик ва кенг жамоатчилик иштироки трансчегаравий табиатни муваффақиятли муҳофаза қилишни таъминлайди. Бу йил Турон мўтадил чўлларининг UNESCOнинг трансмиллий Бутунжаҳон табиий мероси обектлари рўйхатига киритилиши Марказий Осиёда табиатни муҳофаза қилиш салоҳияти ортиб бораётганидан далолатдир. IUCN минтақадаги минтақавий ва трансчегаравий ташаббусларни илгари суришда барча даражадаги ҳамкорларга ёрдам беришда давом этади, — деди Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Европа минтақавий бюроси директори Борис Эрг. — IUCN ҳозирда Ғарбий Тян-Шан тоғли минтақасида мувофиқлаштирилган ҳаракатлар тарафдори бўлган Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида трансчегаравий ҳамкорлик доирасини якунлашни қўллаб-қувватламоқда».

Маълумот учун, трансчегаравий табиатни муҳофаза қилиш дастурларини бошқариш ташаббуси билан шуғулланувчиларни қўллаб-қувватлаш учун IUCN Бутунжаҳон муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар комиссияси (WCPA) умумий тамойиллар ва энг яхши амалиёт тавсиялари тўпламини ишлаб чиқди.

IUCN Минтақавий мулоқоти давомида миллий ҳокимият органлари, минтақавий экспертлар ва муҳофаза этиладиган ҳудудлар раҳбарлари учун трансчегаравий табиатни муҳофаза қилиш бўйича тренинглар ташкил этилиши кўзда тутилган. Мазкур тренинглар IUCN Трансчегаравий табиатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган трансчегаравий табиатни муҳофаза қилишни режалаштирувчилар учун таҳлил усулларини тақдим этади. Ушбу усуллар трансчегаравий ташаббусни яратишнинг мақсадга мувофиқлигини баҳолаш ва манфаатдор томонлар манфаатларини бошқариш стратегияларини ишлаб чиқиш, жараёнга халал бериши мумкин бўлган хавфларни камайтириш ва бошқарув мақсадлари ҳамда ёндашувлари бўйича умумий хулосаларни ишлаб чиқиш имконини беради.

Минтақавий мулоқот 30 ноябргача давом этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг