Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Манний каша» соғинчи — Эркин Аъзам

«Манний каша» соғинчи — Эркин Аъзам

Манний кашани биласиз: сутга қориб пишириладиган бўтқа, парҳез таом. Қаранг, шундай форам хўракдан камина бебаҳраман – чимхўрликка даво қайда! Боз қарангки, шу емакни хуш кўрганимда мен бутунлай бошқа одам бўлиб кетар эканман. Қанақа одам – бунисини энди қўяверинг.

Гап шундаки, биз томонларда (ўзга жойларда ҳам шундай бўлгандир) бир таомил бор эди: хизматчи, зиёлироқ кишилар болаларини (она уйда ўтириб!) детсад аталмиш тарбияхоналарга берарди. Бу муассасада хийла оврупоча алвонга кирган ёш авлод кейин рус мактабига йўлланарди. Ўша замонда бу ҳол келажакда «одам бўлмоқ»нинг асосий шартларидан эди-да. Мен ҳам денг ана шу йўлдан бориб «детсад»га қатнаганман. Қатнаганман-у, бир-икки ой ўтмай, кашахўрликдан безор бўлиб бормай қўйганман. Бугун энди шу таомга раҳматлар айтаман. Чунки унга мазахўрак бўлган боқчадошларимнинг кўпчилиги негадир саккизинчи синфни битирар-битирмас ўқишни йиғиштириб, ҳар хил кўчага кириб кетди... Бошқа жойларни билмайман-у, биз томонларда шундай бўлгани бор гап.

Албатта, русча таълим кўрганларнинг аксарияти замоннинг пешқадам одамлари бўлиб етишгани маълум. Эшикдан киришда икки киши қамти келса, «Ўзларидан бўлсин, сиз ўрисчага устароқсиз», дея бири иккинчисига мулозамат қилгани нақли ҳам ўша даврларга мансуб. Аммо гўдаклик чоғидан бегона тил, бошқа бир адабиёт, ўзгача муомала-муносабатлар муҳитида тарбия топганларнинг баъзилари улғайганда миллий заминга қайтиши осон кечмаслиги ҳам сир эмас. Дейлик, бундайларнинг севимли адабий қаҳрамони бир умр Отабек ёки Кумушбиби эмас, Павел Корчагин билан Павлик Морозов бўлмаса-да, Онегин ёки Анна Каренина бўлиб қолаверади (бунинг-ку жилла ёмон жойи йўқ); севимли оҳанглари ҳам мақом, миллий куй-қўшиқлар ўрнига, аввало – рок, реп, жаз... У ёғига шарҳ даркор эмасдир.

Лекин бугун миллат замони! Миллат болалари миллий мактабларда таҳсил кўради, миллий руҳда тарбия олади. Бунга барча имконият мавжуд. Шунга қарамай, кейинги вақтда бир тамойил пайдо бўлган: ота-оналар фарзандларини (асосан шаҳарларда) яна оврупоча мактабларда ўқитишни маъқул кўраётир. Нега бундай? «Ўзбек мактабида бола чаласавод бўпқовотти. Яхши ўқитмийди» (рус мактаби ҳам қолиб, ўғлини ундан-да «зўрроғи»га берган танишимнинг гапи). Шунча эътибору ғамхўрликлардан кейин ҳам-а?!

«Зўрроғи»... аллақандай маданий марказлар қарашиб турадиган махсус синфлар эмиш. Болани унга жойлаш ҳам «ўзи бўлмасмиш». Чунки эрталаб автобусда ўзи олиб кетиб, ўзи келтириб қўярмиш-да. Текин тушлик овқатлари ҳам алламбало – анови манний кашалар қолиб кетган энди! Бир неча тилни ўргатармиш. Шубҳасиз, биринчи навбатда ўша – «мусиқанинг пулини тўлаган» мамлакат тили, унинг маданияти, зеҳнияти... Бундай даргоҳлардан келажакда чинакам миллат фарзанди ўрнига осмондан тушган космополитлар чиқиши турган гап!

Ўтган аср бошида Беҳбудий ҳазратлари миллат фарзандларини икки эмас, тўрт тилни эгалламоққа даъват этганлар. Биз эса тўрт эмас, ўн тилни билишини орзу қиламиз. Аммо фарзандларимизнинг дастлабки таълимни она тилида олиши, миллий мактабда, миллий руҳда тарбия топиши тарафдоримиз, холос.

Бизга нима бўлди? Одатдаги бегонапарастликми бу ёки яна «манний каша»ларни соғиниб қолдикми? (Оббо, ўзбекча ўқиганимиз тағин панд берди-ку: «манная» бўларди шекилли...)

Эркин АЪЗАМ
«Тафаккур» журнали, 2007 йил

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг