Бир кунда 3 та портлаш, ИШИДнинг қайтиши ва бошқа хабарлар хроникаси

Бугун Кобул халқаро аэропорти яқинида 3 та портлаш юз берган. Қуйида ана шу портлашлар ҳақидаги хабарлар хроникаси билан танишишингиз мумкин.
00:07. Пентагон Кобулдаги портлашлар бўйича брифинг ўтказмоқда ва терактларни ИШИД амалга оширганини расман эълон қилди.
00:04. Пентагоннинг расман маълум қилишича, портлашларда 12 та америкалик аскар ҳалок бўлган, 15 таси яраланган.
23:59. Портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар орасида ёш болалар (тахминан 20-30 та) борлиги айтилмоқда.
23:47. Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас кейинги ҳафта Ўзбекистонга келади. Муҳокама мавзуси Афғонистондаги вазият.
23:39. Венгрия ҳам Афғонистондан фуқароларини эвакуация қилиш ишларини якунлади.
23:32. Кобулдаги терактларда қурбон бўлган АҚШ аскарлари сони 11 тага етди, уларнинг орасида ҳарбий шифокор ҳам бор.
23:24. АҚШ қўшинлари тўлиқ чиқиб кетгач, хоҳловчилар Афғонистонни бемалол тарк этишлари мумкин, демоқда толибонлар.
23:19. Бугунги портлашлар сабабли толибонлар АҚШ қўшинларининг мамлакатдан чиқиб кетиш муддатини узайтирмайди.
23:14. Кобулнинг толибонлар назорати остидаги ҳудудларида вазият барқарор, демоқда ҳаракат вакиллари.
23:10. Портлашлар оқибатида ҳалок бўлган америкалик аскарлар сони 10 тага етди.
23:08. Кобул аэропорти яқинида учинчи портлаш юз берди, демоқда РИА.
23:05. Портлашлар оқибатида 60 киши ҳалок бўлган, 150 нафардан ортиқ одам жароҳат олган.
22:50. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш кейинги ҳафтада Кобулдаги портлашлар бўйича БМТ хавфсизлик кенгашининг 5 та доимий вакили иштирокида йиғилиш ўтказади.
22:40. Германиянинг сўнгги самолёти Афғонистонни тарк этди, демоқда немис ташқи ишлар вазирлиги.
22:32. Кобулдаги портлашлар тинч аҳолига қаратилмаган, шаҳардан хорижликлар чиқиб кетиши билан терактларга барҳам берилади, деди толибонлар вакили.
22:22. АҚШ президенти Жо Байденнинг Исроил бош вазири билан учрашуви Афғонистондаги вазият туфайли қолдирилди.
22:18. Толибонлар шаҳарда яна терактлар содир бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
22:12. Толибонлар портлашларда ИШИД вакиллари айбдор эканини расман эълон қилди.
22:10. 2001 йил 11 сентябр воқеаларида Усома бин Ладеннинг қўли йўқ эди, демоқда толибонлар вакили.
22:04. WSJ нашрининг ёзишича, портлаш оқибатида 4 нафар америкалик денгиз пиёда аскари ҳалок бўлган.
21:52. Кобулдаги портлашлардан сўнг афғон халқи ичида саросима бошланган, одамлар ваҳимага тушиб қолган.
21:47. Толибонларнинг тасдиқлашича, портлашлардан бири АҚШ аскарлари жавобгар бўлган ҳудудда юз берган.
21:44. Толибонлар Кобулдаги портлашларни муҳокама қилишни бошлади, демоқда уларнинг вакили.
21:41. Қозоғистон Афғонистондан эвакуация қилинаётган самолётларга қозоқ аэропортларидан ёнилғи қуйишга рухсат берди.
21:35. БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг айтишича, портлашдаги жабрланганлар орасида ҳозирча БМТ ходимлари йўқ.
21:28. Америка президенти Жо Байден эрта тонгданоқ миллий хавфсизлик бўйича шошилинч йиғилиш ўтказган.
21:22. АҚШда республикачилар Афғонистон пойтахтида содир бўлган портлашларда президент Жо Байденни айбламоқда: "қўллари қонга ботган".
21:18. Кобулдаги портлашларда 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, юзлаб одамлар жароҳатланган, демоқда РИА.
21:08. Франция президенти Эммануэл Макрон Афғонистондан бир неча юз афғон фуқаросини эвакуация қилишга тайёрлигини билдирди.
20:55. НАТО раҳбари портлашларга қарамай, эвакуация ишларини тўхтатмасликка чақирди.
20:39. "Толибон" ҳаракати вакиллари ҳозирча ҳар иккала портлаш ҳақида расмий изоҳ берганича йўқ.
20:34. Ҳар иккала портлаш ортида ИШИДнинг Хуросон филиали террорчилари тургани айтилмоқда Telegraph нашрининг ўша ердаги мухбири томонидан.
20:27. Воқеалар янада ойдинлашмоқда. Демак, биринчи портлашда худкуш террорчи "Барон" меҳмонхонаси олдигача борган ва кейин ўзини портлатган.
Иккинчи портлашга эса Кобул аэропорти дарвозаси ёнига қўйилган машинага ўрнатилган бомба сабаб бўлган.
20:20. Кобулдаги иккинчи портлаш автомобил портлаши ортидан юз берган.
20:15. Кобулдаги портлашнинг биринчиси қуйидаги суратда айлана билан белгиланган ҳудудда юз берган, иккинчиси "Барон" меҳмонхонаси яқинида.
20:09. Франция эртагача ҳаммани кўчириб бўлиши керак. Афғонистонни охирги бўлиб элчи ва унинг ҳамкасблари тарк этади.
20:05. Бу орада Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида ҳам яхшигина портлаш юз берди. Айтилишича, ҳарбий қисмдаги омборлардан бирида чиққан ёнғин портлашга сабаб бўлган.
20:02. Британия бош вазири Борис Жонсон фавқулодда йиғилиш чақирди. Унда яна Афғонистондаги вазият асосий масала бўлади.
19:59. Кобул аэропортида эвакуация ишлари давом этмоқда.
19:55. Кобулдаги портлашларни ИШИД террорчилари амалга оширган, демоқда Politico нашри.
19:52. Al Jazeera телеканали портлаш натижасида 50 дан ортиқ одам яраланганини айтмоқда.
19:50. Кобулдаги шифохоналардан бирига 10 кишининг жасади ва 15 дан ортиқ яраланганлар олиб келинган, демоқда РИА.
19:47. Американинг Кобулдаги элчихонаси фуқароларга аэропортга яқинлашмасликни, яқинлашганларга тезроқ кетишни айтмоқда.
19:45. Турк ҳарбийлари иккинчи портлашни тасдиқлади. Fox телеканали хабарига кўра, иккинчиси америкаликлар жойлашган меҳмонхона ёнида содир бўлган.
19:44. Аэропорт яқинида иккинчи портлаш юз бергани айтилмоқда.
19:40. Портлаш оқибатида америкалик аскарлар ҳам ҳалок бўлгани айтилмоқда.
19:36. Al Jazeera телеканалининг айтишича, портлашда камида 15 киши қурбон бўлган.
19:31. Кобулдаги портлаш британияликлар жойлашган Baron меҳмонхонаси ёнида содир бўлган, демоқда WSJ.
19:24. Портлаш оқибатилари қуйидаги суратда
19:12. Портлашни худкуш-террорчи амалга оширгани аниқланди.
19:02. Маҳаллий вақт билан 18:15 ларда Кобул аэропорти яқинида кучли портлаш юз берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter