Клинтондан Байденга қадар. АҚШ президентларини ҳам чув туширган аёл устидан суд бошланди
Атиги бир неча йил АҚШда энг ёш миллиардер аёл деб эътироф этилган, дунёни ўзгартиришга қодир ғоя муаллифи деб улуғланган, машҳур сиёсатдону санъаткорларни ўз ортидан эргаштирган Элизабет Ҳолмс бугунга келиб шунчаки фирибгар экани фош бўлди.
Элизабет Ҳолмс бамисоли америкача орзунинг жонли тимсоли эди. Вашингтонда ўртаҳол оилада туғилган қиз мактабни тугатгач, нуфузли Стэнфорд университетига ўқишга киради. Аммо 19 ёшида ўқишни ташлаб кетади. 2003 йилда «Theranos» (терапия ва диагностика сўзларидан ясалган) номли компанияга асос солади. Уколдан юрак олдириб қўйган Элизабет инсоннинг бир томчи қонидан юзлаб хасталикларга ташхис қўйиш мумкин бўлган ускуна яратиш ғоясини илгари суради. Шу тариқа у инсониятни укол олиш азобидан буткул халос этиш даъвоси билан чиқади. Дастлабки пайтлардаёқ Стэнфорд университети профессорлари бу қарашни ғайриилмий дея рад этадилар. Шунга қарамай, Элизабет тиббиётда инқилоб қилиш аҳдидан қайтмайди. Оммавий ахборот воситалари ва тарғибот усулларидан унумли фойдаланган аёл қисқа муддатда нуфузли сармоядорларни ўз ғоясига ишонтиришга муваффақ бўлади. Таниқли медиамагнат Руперт Мёрдок, собиқ президент Билл Клинтон унга ишонч билдиради. Компаниянинг директорлар кенгашига АҚШнинг икки собиқ давлат котиби – Жордж Шульц ва Ҳенри Киссинжер ҳамда бўлажак мудофаа вазири генерал Жеймс Мэттис аъзо бўлиб киради. АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ҳам ўз вақтида мазкур қарашларга хайрихоҳлик билдиргани маълум.
Э.Ҳолмснинг баландпарвоз ваъдаларига маҳлиё бўлган «Walgreens», «Safeway» каби ширкатлар у билан битим тузади. Маълумотларга қараганда, Ҳолмс хоним йирик ширкатларни ишонтириш учун «биз яратган ускуна аллақачон АҚШ армиясида фойдаланилмоқда» деб ёлғон гапирган. Шу тариқа «Theranos» компаниясининг капитал баҳоси 9 миллиард долларга етади. Элизабет Ҳолмс эса ўзи пул ишлаб топган энг ёш миллиардер аёл деб эътироф этилади. 4,5 миллиард долларга эга ишбилармоннинг сурати «Forbes», «Fortune», «Time» каби нуфузли журнал муқоваларида чоп этилади.
Нафақат АҚШ, балки дунё тарихидаги энг йирик фирибгарликни «The Wall Street Journal» нашри мухбири Жон Каррейра фош қилади. Ҳолмс хонимнинг лойиҳасига аввал-бошданоқ шубҳа билан қараган журналист бир неча йил давомида «Theranos» компанияси фаолиятини тафтиш этади ва уддабурон ишбилармон деб эътироф этилаётган аёл аслида учига чиққан қаллоб эканини фош этади. Бир томчи қон орқали юзлаб хасталикларни аниқловчи қурилма аслида йўқ экани исботланади.
«Walgreens» ширкати ва АҚШ қимматли қоғозлар комиссияси «Theranos» компаниясини судга беради. Ҳолмс «Walgreens» ширкатига 30 млн доллар, қимматли қоғозлар комиссиясига эса 500 минг доллар тўлаб, ишни судгача ҳал қилишга муваффақ бўлади. Аммо у барибир жиноий таъқибдан қочиб қутула олмайди. 2018 йили Калифорния штати Шимолий округ прокуратураси Элизабет Ҳолмс ҳамда унинг эри, «Theranos» компанияси директори Рамеш Балвани устидан фирибгарлик жинояти бўйича иш очади.
Ўтган фурсат давомида маҳкама жараёни дастлаб пандемия сабаб, сўнгра Ҳолмснинг ҳомиладорлиги сабаб бир неча бор ортга сурилди. Ўтган ҳафта эса Калифорния суди АҚШ жамоатчилиги эътиборидаги жиноий ишни кўра бошлади.
37 ёшли Э.Ҳолмс ва унинг шериги Р.Балвани фирибгарлик, сармоядорлар, шифокорлар ва мижозларни алдашда айбланмоқда. Судланувчиларга 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин. Хабарларга кўра, Э.Ҳолмс судда фирибгарликка уни собиқ эри Р.Балвани жисмоний ва руҳий тазйиқ орқали мажбурлагани ҳақида кўрсатма бермоқчи. Маҳкама жараёни бир неча ойга чўзилиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter