Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кимда қанча ядро қуроли бор?

Кимда қанча ядро қуроли бор?

Оммавий қирғин воситалари орасида қирғинбардорлиги ва ҳажми жиҳатидан ядро қуроличалик даҳшатлиси йўқ.

Фото:Vegchel.ru

Инсоният яратган оммавий қирғин воситалари орасида қирғинбардорлиги ва ҳажми жиҳатидан ядро қуроличалик даҳшатлиси йўқ. Энг қизиғи ҳозирда мавжуд бомбалар ер юзи аҳолиси учун керагидан ортиқ бўлсада, давлатлар ҳамон улкан маблағ ва кучлар сарфлаб бундай қуроллар яратишда давом этмоқдалар. Хўш, ядро қуроллари сони бўйича етакчилар кимлар?

Дунёдаги жами атом бомбаларининг 90 фоизи АҚШ ва Россия ҳиссасига тўғри келади. Яққол етакчи бўлган Россияда ҳозирда 8500 га яқин бундай қурол мавжуд, АҚШ эса 7500 дан ортиқроқ бомбага эга.

Кейинги ўринларни қуйидаги давлатлар банд қилган:

  1. Франция – 300 та;
  2. Хитой – 250 та;
  3. Буюк Британия – 225 та;
  4. Покистон – 90-110 та (тахмин);
  5. Ҳиндистон – 80-100 та (тахмин);
  6. Исроил – 80-200 та (тахмин, Исроил ядро қуроли борлигини бирор марта тан олмаган);
  7. Шимолий Корея – 10 та (тахмин).

Алоҳида айтиб ўтиш керакки, бу маълумотлар (ҳатто аниқ кўрсатилганлари ҳам) аниқ тасдиғини топмаган. Сабаби ядро клубининг барча аъзолари ўзларининг бундай қуроллари бўйича маълумотларни ўта махфий тутишади. Рўйхатга кирмаган Эронда ҳам бундай қурол борлиги тахмин қилинади, расмий Теҳрон эса бу иддаоларни рад этади.

Яна бир қизиқ жиҳат – Шимолий Корея бор йўғи ўнта (тан олинган) ядро қуроли билан ҳам шунча можароларга сабаб бўлаётгани ғалати. Лекин бу давлат бошқарувида ўзга давлатлар билан очиқ сиёсат олиб боришни мутлақ инкор қилувчи раҳбарнинг бўлиши, ён қўшниси билан уруш мақоми сақланиб қолганлиги, АҚШ билан узлуксиз давом этаётган зиддиятлар охирига етмаётганлиги ядро қуролини ишлатиб юбориш хавфи юқорилигини, бунинг ортидан эса занжирли реакция юзага келиш мумкинлигини ҳисобга олиш зарур.

Исроилнинг ядро қуроли мавжудлиги расман тан олинмаган бўлсада, бу давлат собиқ бош вазири Голда Меир «Бизда атом қуроли йўқ, лекин лозим бўлса биз бундай қуролни ишлатамиз» дея ўзига хос баёнот берган.

Россия ва АҚШнинг бир-бирига ядро қуроллари билан таҳдид қилишини қуйидагича ўхшатиш билан таърифлашган: «Икки одам сув ўрнига бензинга тўла денгиз устидаги кемада ўтиришибди. Бирида ўнта гугурт бор, иккинчисида тўққизта. Иккиси ҳам бир бирига гугуртларини кўрсатиб, ёқиб юбориш билан қўрқитишади. Аслида ёнғин чиқиши ҳаммаёқ куйиб кул бўлиши учун битта учқун кифоя».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг