Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Кексалик гашти»ни сурмаётган кексалар

«Кексалик гашти»ни сурмаётган кексалар

Фото: Xabar.uz

Кексалар ҳақида гап кетганида уйнинг тўрида, оёғини узатиб, кўк чойини ичиб, неваралар қуршовида  ўтирган нуроний отахону онахонлар кўз олдимизда гавдаланади. Бирор жойда ишлаб  нафақага чиққан ёки  ишлашда давом этаётган кексаларимиз шаҳарма шаҳар саёҳатга чиқиб туришади. Фарзандлари топармон-тутармон нуронийларимиз ҳаж зиёратини амалга оширишдек орзуларига ҳам эришган. Аммо ҳар доимгидек танганинг иккинчи томонини унутиб қўямиз.

Биз юқорида санаб ўтган кексаларимиз кексалик гаштини сураётган бир пайтда умуман «кексалик гашти» нималигидан бехабар, тирикчилик ташвиши билан бошқалар каби ғимир-ғимир қилиб юрган момою боболаримиз ҳам кўплигини унутганмиз.

Ноябрнинг совуқ изғиринли куни. Аллақандай каттаконлар ўтадиган шаҳарнинг марказий кўчаларида ободонлаштириш ходимлари орасида нафақага чиққан ишчиларни ҳам учратдик. Суриштирув жараёнида мен кексаларимизда ўз ҳолатини маълум қилишда қўрқув, ҳадиксираш ва андишанинг гувоҳи бўлдим.  «Менинг ҳаётим яхши», «нолийдиган жойим йўқ», дея ўзини танитишни, суҳбатлашишни истамаганлари истаганларидан кўпроқ.

Раъно хола:

— Ҳали олтмиш ёшга кирмадим. Пенсиям билан ойлигим 3 млнга яқин, аммо ногирон ўғлим бор, 500 минг нафақа олади, уни бир неча бор операция қилдирганман. Яна бир ўғлим билан турмуш ўртоғим Россияда, ўтган йили бир ой туриб келдим, ўғлимни қариндошларга ташлаб. Менинг ўша ногирон фарзандим икки йилгина мактабда ўқиган, лекин жуда билимдон, ёлғон бўлмасин, маҳалладан икки марта икки қути тухум беришди. Менга уларнинг ҳеч нарсаси керакмас,  ўғлимнинг ўқишига, жамиятга аралашишига ёрдам беришса дегандим. Лекин уни тақдирига қизиқадиган одамнинг ўзи йўқ. Ўғлим мендан хафа бўлади, «сиз мени ўқишга бермадингиз», деб. Мени эса уни алоҳида ўқитувчи ёллаб шуғуллантиришга қурбим етмайди. (кўзига ёш тўлиб йиғлаб юборади.)

—Сизга пенсия ёшида ишлаш ёқадими?

— Менга ишим жуда ёқади. Мен жуда кам ухлайман, уйимдаям тиним йўқ. Тозалаш ишларини яхши кўраман. Бугун ҳам эрталабдан ошхонамнинг кафелларини, газини ювиб келдим...

Ихтибор хола:

— Пенсиям 1 млн 400 минг сўм, яна ойлигим ҳам шунча, ободонлаштиришда ишлайман. Қизим коллежда ўқийди. Унга кийим-кечак, йўлкирасига пул керак. Саёҳатлар дейсизми? Ишхонамиз билан бирга Самарқандга, Бухорога борганман.

Агар пенсиям 3 млндан ошиқ бўлганида уйда ўтирган бўлардим, мана совуқ тушди оёқларим зирқираб оғришни бошлайди, агар саёҳатга чиқа оладиган даражада пулим бўлганида ишламасдим.

Юнусобод бозори 

— Болам бу қалин нимчанг қанча?

— 220 минг, яхши қалингина, олинг хола.

— Кейинроқ келаман.

 Хола ёнидаги оёқ кийим сотадиган аёлга юзланади:

— Бу иссиқ оёқ кийиминг қанча?

— 130 минг сўм, кийиб кўрасизми хола?

— Ҳозир олиш ниятим йўқ, пенсиям келсин кейин оламан.

— Ўзи қанча пенсиянгиз, деб гапга солишга ҳаракат қиламан холани.

— 600 минг.

— Менга интервю берсангиз дегандим, масалан шу пенсия билан саёҳатга чиқа оласизми, пенсиянгиз кўўўўўп бўлса нима қилган бўлардингиз, мана ноябрь ойида кексалар саёҳатга чиқиши учун чегирмалар қилинмоқда хабарингиз борми?

— Йўғей, мен ҳеч қанақа саволга жавоб бермайман, менинг яшашимда муаммо йўқ, дейди хола мендан узоқлашганча...

 Матлуба хола:

— 30 йил мактабда бошланғич синфларга дарс берганман. Тўйтепадан келаман, пенсиям 900 минг, ҳарна невараларимга ёрдам бўлсин дейманда.

— Хола, мана бу ой кексалар учун юртимизга саёҳатга бир ойлик чегирмалар бор, хабарингиз борми?

— Бундай нарсаларни эсдан чиқариб юборганмиз, э тўхтанг, гапчи маҳалладошларимиз билан Самарқандга боргандик.

— Пенсиянгиздан ўзингиз учун ажратасизми?

— Нимасини ажаратаман, тўловларни тўлаш керак, озиқ-овқат олиш керак. Менинг маҳалладош дугоналарим бор бир умр колхозда ишлаб 300 минг сўм пенсия олади...

— Бирон марта чет элга саёҳат қилиш ҳақида орзу қилиб кўрганмисиз?

Хола камтарона жилмаяди:

— Чет эл дейсизми? Тўғриси қизим, ундай нарсаларни ҳеч қачон ўйлаб кўрмаган эканман.

Валентин хола:

—  Мен 85 га кираяпман.

— Сизнинг пенсиянгиз қанча?

— 800 минг сўм нимагаям етарди. Яхшиям эски-туски нарсалар сотаман, ҳов анов «Мегапланет» гипермаркетнинг олдида.

— Давлат мана шу ноябр ойида кексалар саёҳатга чиқиши учун 50 фоизли  чегирмалар ажратди, мазза қилиб саёҳатга чиқмайсизларми?

— Қанақа саёҳат, саёҳатга чиқсам бир ой оч қолишимга тўғри келади.

Абубакир бобо:

—64 ёшдаман, эски-туски сотаман, халтамни кўтариб кўринг қанчалик оғир, 400 минг пенсия нимага етади?

—Бугун нима овқат емоқчисиз кечга?

—Роллтон (кулади).

—Фарзандларингиз йўқми?

—Россияда яшашади...

Йўл-йўлакай яна бир қанча пенсионер кексалар билан суҳбатлашдим. Улар ҳам пенсияси камлигини, агар рўзғорга етганида ҳечам бозорга чиқмаслигини таъкидлашди.

«Ахир пенсиянгиз рўзғор учун эмас, ўзингизга сарфлашингиз учун, қачонгача болалар, неваралар деб ўтиб кетасиз» деганимда, улар бир овоздан: шу оилада яшаб уларнинг рўзғорга етказа олмаётганини кўриб, қандай ҳисса қўшмаслик мумкин, дейишди...

Уларнинг жуда кўпчилиги ҳаётидан нолимаслигини қайта-қайта таъкидлашди. Бири ишидан завқ олишини, яна бири оёғининг чигилини ёзиш, ҳаракатда бўлиш учун бозорга чиқишини ёки ишлашини сабаб қилиб кўрсатди. Мен эса уларга ўзимнинг мулоҳазаларимни айта олмадим:

Балки, сизларнинг мана шу озгинага ҳам қаноат қилишларингиз, сабрлик эканликларингиз, ўз муаммоларингизни, ҳақингизни талаб қилмаганингиз эътибордан четда қолаётганингизга туртки бўлаётгандир. Сиз ишингиздан завқ олмайсиз, сизга ишингиз ёқмайди, агар бу дунёда қора меҳнатдан бошқа ҳаёт ҳам борлигини билган кунингиз.

Сиз олтмиш ёшга ҳам чиқмагансиз, аммо тирикчилик ташвиши, доимий етишмовчилик юзингизга шунчалар кўп ажин ариқларини тортганки, қаддингиз шунчалар букикки ишингиздан завқ олишингиз, тупроқ чангаллаб ер ковлашни роҳат деб ўйлашингиз ўзингизни алдашдан бошқа нарса эмас. Бошқа иложингиз ҳам йўқда.

Турмуш ташвишлари, Россияга кетган ўғлингиз, бошингизга бошини қўйиб гурунглашиб ўтириши керак бўлган суянчиғингизни соғиниб тунни тонгга улаганларингиз сизни жуда эрта қаритган.

Ишидан завқ, ҳаётида у қадар қийинчилик кўрмаган киши қаримайди, балки ёшаради. Шундай совуқда оёғингизга кийиб олганингиз йиртиқ шиппак, униқиб кетган пайпоқ яшаш шароитингиз у қадар фаровон эмаслигини фош қилиб қўйяпти. 

«Менда ҳаммаси яхши, нолимайман», деб шукр қиласиз, сабрли бўласиз. Бирортангиз «мен орзу қиламан хорижга саёҳатни», деб айтолмадингиз, айтолмайсизам.  Ахир кейинги пенсиянгизга оёғингизга иссиқ ковуш оласизми, невараларингизнинг камини бутлайсизми, тўпланиб қолган коммунал тўловларни тўлайсизми, қай бирига етказасиз?

Бу ёқда ҳали соғлиқ билан боғлиқ муаммолар турибди, тишларингизни охирги марта қачон даволатганингизни ўзингиз ҳам эслолмайсиз.

Белгияда пенсия ёшидагиларни тиш шифокори ҳар олти ойда кўрикдан ўтказмаса, мижозига штраф тўлаши шартлиги ҳақидаги бошқа мамлакатлардаги шароитлар ҳақида айтиб сизнинг ичингизни қиздирмоқчи ҳам эмасман. Шусиз ҳам етишмовчиликни ўйлаш, сиқилмаслик, ношукрлик қилмаслик учун ҳам ишга кўмиласиз, бор муаммоларингизни унутиш учун бошингиз билан ишга шўнғийсиз.  

Қайсидир мамлакатда пенсионер чол-кампирлар қўл ушлашиб саёҳатма-саёҳат юрган бир пайтда сиз меҳнатдан завқ олаётган бўласиз, улар ҳақида эшитмайсиз, ҳатто билмайсиз. 

Сиз айни пайтда лимонларингизни тезроқ сотиш, охирги автобусга илиниб қолиш ҳақида ўйлаяпсиз, балки эртага қаерга гул экиш ҳақидаги топшириқни олгандирсиз, худдики, телевизорда кўрсатаётган оппоқ рўмолли момою, соқоли кўксига тушган нуроний чолларнинг кексалик гаштини сураётгани ҳақидаги кўрсатувнинг сизга мутлақо даҳли йўқдек.  

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг