Жанубий Корея парламенти мамлакатда ит гўшти савдосини тақиқлади
Корея Республикасида Миллий ассамблея итларни гўшт учун кўпайтириш, уларни сўйиш ва ит гўштини сотишни тақиқловчи қонунни маъқуллади.
Бу тақиқ учун 208 депутат овоз берди, икки нафари бетараф қолди, қарши овозлар бўлмади, деб ёзмоқда «Ёнҳап» агентлиги.
Қонун уч йиллик ўтиш давридан кейин, яъни 2027 йилдан тўлиқ кучга кириши кутилмоқда. Ҳужжатга кўра, тақиқни бузганлар 30 миллион вон (тахминан 22 768 доллар)гача жарима ёки икки йилдан уч йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади.
Шунингдек, бунга қадар ит гўштини етиштириш ва сотиш билан шуғулланиб келган корхоналарнинг бизнесни қайта йўналтиришлари учун субсидиялар бўйича ёрдам ваъда қилинмоқда. Бундай компанияларнинг барчаси ўз фаолиятини давом эттиришлари учун маҳаллий ҳукуматга бошқа бизнесга ўтганлиги ҳақидаги режасини тақдим этишлари керак бўлади.
Маълумотларга кўра, мамлакатда 1150 га яқин ит фермаси, 34 та сўйиш жойи, 219 та ит гўшти тарқатувчи ва 1600 га яқин ресторан мавжуд.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter