Истанбулда хизматкорлик қилаётган жарроҳ аёл
Нодира оилали, 3 фарзанднинг онаси. Бундан 20 йилча аввал Тиббиёт институтини тамомлагач, Сирдарёдаги касалхоналардан бирида жарроҳ бўлиб ишлай бошлади.
– Маош жуда оз эди. Турмуш ўртоғим ҳам ишлар, аммо уч болага етказолмасдик. 2016 йили турмуш ўртоғимнинг ишхонасидан берилган оилавий саёҳат йўлланмаси билан Истанбулга келдик. Мен бу шаҳарни севиб қолдим. Турмуш ўртоғимга « Иш топсам, шу ерда қолай, майлими? Болаларга сиз қараб турасиз, мен бу ерда ишлаб, пул жўнатиб тураман. Йиғиб-йиғиб, уй оламиз», дедим. Ўша пайтлар чиндан ҳам уйимиз йўқ, ижарада яшардик. Болаларимизнинг каттаси 14-15 ёшларда эди. Оила бошлиғимиз иш топишимга ишонмади, чоғи, кўнди. Бир ҳафталик саёҳат ниҳоясига етиб, эртага кетамиз деб турган кунимиз тонг саҳарда денгиз бўйига ёлғиз ўзим айлангани чиқдим, соҳилда ўтирган бир турк аёли билан танишиб қолдим, у ҳомиладор эди. Гапдан-гап чиқиб, «агар иш топсам, шу ерда қолмоқчиман», дедим. «Меникига кел, фарзандим эрта-индин туғилади, унга қарайсан. Эрим ишбилармон, яхши топади. Сенга ойига 1000 доллар маош берамиз», деди у. Буни эшитиб, дарров рози бўлдим, чунки бу маошни мен Ўзбекистонда бир неча ой ишлаб ҳам тополмасдим. Меҳмонхонага келиб, турмуш ўртоғимга қароримни айтдим: «Мен қоламан!»
У киши Ўзбекистонга ёлғиз ўзи қайтди...
Хорижлик уй хизматкорларининг барчаси ҳам бир деб ўйлайдиганлар хато қилади. Уларнинг келган мамлакатига кўра рейтинги бор. Масалан, кўпчилик турклар фарзандлари учун филиппинликларни, сўнгра Африка ва Марказий Осиёнинг айрим давлатларидан келган энагаларни маъқул кўришади. Шунинг учун бу рейтингда энг юқори ўринни улар эгаллаган.
Ва албатта, улар бошқа хизматчиларга қараганда кўпроқ маош олишади. Чунки Филиппин, Эфиопия, Гана, Уганда, Марокаш, Тунис, Индонезия, Непал каби мамлакатлар энагалари инглизча гаплашишади ва бу тилни болага кичкиналигидан ўргатишади. Бундан ташқари, улар тартибли ва қаттиққўлликлари боис эркатой турк болаларига яхши таъсир кўрсатишади, бу аёллар ўқимишли (олий маълумот назарда тутилмаяпти), зукко, эртак ва афсоналарга бой тарихни жуда яхши билганликлари учун болаларнинг дунёқарашини шакллантиришда ҳам муҳим роль ўйнар экан. Ўзбекистонлик боқувчилар бу рўйхатдан жой олмаган бўлсалар-да, улар болаларга қарамайди деган хулоса келиб чиқмайди. Ўзбекистонлик аёллар Туркияда кўпроқ хаста ва кекса ёшдагиларнинг боқувчиси сифатида салмоқли ўрин тутишади ва уларни бу ерда қадрлашади. Ахир бизнинг аёллар «йўқ» дейишни билмайдиган, очиқ юзли, меҳнаткаш ва ўз мамлакатида онасининг қўлида «қайнона-қайнотангнинг дуосини ол»? деган ўгит билан улғайган итоаткор фарзандлар-ку...
– Жарроҳ-доктор эканингизни ўзингиз хизмат қиладиган оиладагилар билишармиди?
– Албатта. Балки шунинг учун ҳам мени ишга олишгандир. Орадан кўп ўтмай, Меҳри (ҳомиладор аёлнинг исми)нинг кўзи ёриди. Қизи жуда ширин эди, мен уни туғилгандан бошлаб, то 8 ёшга киргунча ўз қизим каби парваришладим. Уни жуда яхши кўраман, у ҳам мени севиб «Анне» деб чақиради. Аммо шу йил Меҳри менинг ёрдамимга ортиқ эҳтиёжи қолмаганини айтгач, у ердан кетдим. Ҳозир бошқа оилада ишлаяпман. Аммо изн кунлари (ҳафтада бир кунлик дам олиш) бу оиладан чиқиб, Меҳриникига учиб бораман, унинг қизини – ўзим боққан Пинарни кўрмасдан яшолмайман.
– Ахир сизнинг ўз фарзандларингиз ҳам бор-ку? – деб сўрайман, – Уларни-чи? Уларни ҳам соғинасизми?
– Албатта, соғинаман. Аммо қизим ва ўғилларим мендан кўра кўпроқ дадаси билан бўлгани учун хўжайинни яхши кўришади. Мен эса Пинарни...
Туркларнинг ҳар тўрттасидан бири ё фарзанди, ё қари ота-онаси учун ўша уйда қолиб ишлайдиган боқувчи тута олади. Ўртаҳол оилаларда ҳам хаста ёки ёши ўтган ота-онаси учун боқувчи ёлланса, пулни фарзандлар ўртада бўлиб тўлашади. Ўртаҳол туркларнинг ҳар учтадан биттаси хорижлик тозаловчи (фаррош) хизматидан, ҳеч бўлмаганда, ойда 1-2 марта фойдаланади. Туркияда «боқувчи», «ёрдамчи», «ошчи», «тозаловчи» каби атамалар билан уйларида 1, 2 ва ҳатто 3-4 тагача хизматчини ишлатиш табиий ҳол.
Мен ишлаган пулларни тўпладик, турмуш ўртоғимникини рўзғорга сарфладик. 4 йил деганда яхши бир уй, сўнгра эримга машина олдик. Болаларимизни ўқитдик, қизимни турмушга узатдик, яқинда катта ўғлимни уйлантирдик. Агар мен Туркияга келиб ишламаганимда, ҳалиям ойликка ишлаб, ижара уйда ўтирган бўлардик. Яхшиям келдим. Бундан ҳеч ҳам афсусланмайман. Болаларимни яхши едириб-ичирдик, кийдирдик, ҳеч нарсага зориқтирмадик. Тўғри, мен болаларимнинг ёнида бўлолмадим, 1-1,5 йилда бир бориб-келиб юрдим. Қизимга яхши сеп қилдим. Энди яна 2-3 йил ишласам, ўғлимга алоҳида уй оламиз, ана ундан кейин бемалол Ўзбекистонга қайтсам бўлади. Ҳозир 48 ёшдаман. 51-52 ёшгача ишласам, етади...
– Меҳрининг уйида нафақат Пинарга, оиладагиларнинг барчасига шифокорлик қилдим. Бунинг учун ойлик маошимга қўшимча беришмасди, чарчаб қолардим. Шунинг учун ҳозирги ишлаётган янги оиламдагилар менинг шифокор эканимни билдирмаганман.
– Шундай яхши касбингиз бор экан, Туркияда доктор бўлиб ишлаш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?
– Ўйладим, албатта. Фақат бу ерда докторлик учун рухсат олиш узоқ давом этадиган жараён. Шунинг учун жиддий киришмадим. Оилам, болаларимни ўйлаб, ўз касбимдан воз кечиб, бегона юртда бировларнинг оиласида хизматкорлик қилдим ва қиляпман. Аммо омадим келиб, яхши одамларга учрадим-ки, улар мени ўз қардоши, опаси, синглиси каби кўрдилар, асло хизматкор сифатида эмас.
Дархақиқат, тиббиёт соҳасида ўқиган турк ватандошлари учун ҳам иш топиш амримаҳол – касалхона, медпункт, поликлиникалар докторлар билан тўла. Аксаряти нафақага чиқадиганларни йиллар давомида кутишга мажбур. Шунинг учун ёш кадрларнинг кўпчилиги Европа, АҚШ, Канада, Австралия каби давлатларга ишлаш учун кетишмоқда. Мен таниган туркиялик тиш докторлари Аҳмет ва Самия турмуш қуришгач, Германияга кетишни мўлжаллашяпти. Сабаби оддий: 6 ойки, Истанбулдан дурустроқ иш тополмадилар, топганлари ҳам 1,5 йилга қадар стажёр бўлиб ишлаш таклифи бўлди. Германияда эса уларни тайёр иш, уй ва етарли шарт-шароит, ижтимоий хизматлар тўплами кутмоқда.
– Севган касбингизни ташлаб, бу ерларда хизматчилик қилганингиздан бирон марта бўлса ҳам афсусландингизми?
– Афсусланган пайтларим бўлади. Туркияда ойига ишлаб топадиганинг 800-1000 долларлик иш – 24 соат давомида танангни сиқиб турадиган корсет тақиб юришдек гап. Айтилган ишларнинг ҳеч бирини унутмасдан, оёқ учида юриб, ўрни-ўрнида бажариш, юзингга отилган кир кийимларни йиғиб олиб ювиш, дазмоллаш, баъзан кечалари ётган жойингдан туриб, уй эгаларининг истакларига кўра, бирор ичимлик олиб бориб бериш ёки касал бўлса, унга қараш, тонгга яқин бир оз мизғиб олгач, яна ишга тушиб кетиш... Баъзан ўз шаҳримдаги касалхонада қандай қилиб жарроҳлик амалиётларини ўтказганларимни эслайман ва ҳатто ўзимни ҳақиқий операцияда каби ҳис қила бошлайман... Аммо мен аллақачон ўз танловимни қилиб бўлганман. Истанбулдаман.
Баъзан ғалати фикрлар келади хаёлимга. Гўё мен икки ҳаётни яшаётгандекман. Бу ерга келсам, Ўзбекистондаги оилам мендан узоқлашади. Ўзбекистонга борсам, бу ерни унутгандек, худди Туркияда ҳеч ҳам яшамагандек бўламан... Ҳар гал Ўзбекистонга борганимда, фарзандларим анча улғайиб қолган бўлади, гўё ўз болаларим ўрнига бировнинг болаларини келтириб қўйишгандек туюлади. Ўнғайсизланаман. Уларга фақат Пинарим ҳақида гапираман. Бир куни катта ўғлим: «Ойи, ростини айтинг, Пинар бизнинг синглимизми?» – деди. Рашк қиляпти, деб ўйладим.
– Пинар ҳақида гапирганингиз каби менинг ўқишим, ҳаётим ҳақида сўрасангиз, хурсанд бўлардим, ойи, сиз мен ҳақимда ҳеч нарса билмайсиз-ку? Илтимос, янаги сафар келганингизда Пинарни ўша ерга «ташлаб» келинг!
Ўғлим билан бўлган ўша кунги суҳбат ҳаётимдаги энг катта сабоқ бўлди. Шунча пул топдим, болалар қийналмасин дедим, уларнинг истаганини сотиб олдим, ўқитдим, кийдирдим, едирдим. Аммо буларнинг ҳеч бири болаларим учун муҳим бўлмаган экан, улар ота-она билан бирга кечирадиган вақтнигина қадрлар экан, холос.
Суҳбатимиз шу ерга келганда, Нодира кетишга чоғланди.
– Уйга тезроқ етиб олай. Бироздан бу ерларда полис назорати бошланади. Яшаш рухсатномамнинг муддати тугаган, ҳалигача чўздирганим йўқ. Ушлаб олишса, депорт марказига жўнатиб юборишади. Бу ерда ишлаш қийин бўлиб қолди, қонунлар ўзгарди. Балки тез орада уйга қайтишимга тўғри келиб қолар. Ким билади дейсиз?
Нодира шошганча мен билан хайрлашди ва бир маротаба ҳам ортига ўгирилиб қарамасдан тор кўчалардан бирида кўздан ғойиб бўлди.
Р/S: Ватанда туриб муҳожирлик қисматини тасаввур қилиш қийин. Баъзан интернетда айрим эркакларнинг муҳожир-аёллар ҳақидаги истеҳзоли постларини ўқиб қоламан. Ўз халқи аёли, Онасига берилган баҳодек туюлади улар менга. Ҳар ким ўз қисматини ўзи яшаб ўтади, бошқалар унинг юкини асло ҳис қила олмайдилар. Туркияда ишлаб юрган ўзбекистонлик аёллар елкасидаги юк эса оила, фарзандлар олдидаги масъулиятдир. Бу юкни баъзан ҳатто муҳожир аёллар ҳақида илмоқли постлар қўяётган ўша айрим эркаклар ҳам кўтара олмайди.
Сабоҳат Раҳмон, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter