Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроилнинг Эронга ҳужуми: биринчиси эмас, охиргиси ҳам...

Исроилнинг Эронга ҳужуми: биринчиси эмас, охиргиси ҳам...

Иллюстратив фото

13 июн тонгида Исроил Эронга қарши ҳужум уюштирди. Яҳудий давлати ҳарбий учоқлари Эроннинг Теҳрон, Натанз, Табриз, Хуррамобод, Кирмоншоҳ, Исфаҳон, Ҳамадон, Қум каби шаҳарларидаги ҳарбий ва фуқаролик объектларига зарбалар берди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу иддаосича, Эрон ядро қуролига эга бўлишга яқин келгани сабаб ҳарбий амалиёт бошланган.

Эрон оммавий ахборот воситалари хабар беришича, Исроилнинг БМТ низомлари ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда уюштирган ҳужуми оқибатида бир қатор юқори мартабали ҳарбий мулозимлар ҳамда ядро соҳаси олимлари ўлдирилган. Жумладан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бош қўмондони, генерал Ҳусайн Саломий, Эрон Қуролли кучлари бирлашган штаби бош қўмондони, генерал Муҳаммад Бағирий, шунингдек, ядро дастури устида тадқиқот олиб бораётган олимлар — Муҳаммад Маҳдий Теҳрончи ва Атом энергетикаси бўйича ташкилот раҳбари Фаридун Аббос Довоний ҳалок бўлган.

Ҳужум оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳам жабр кўргани айтилмоқда.

Эрон олий раҳбари, оятуллоҳ Али Хоманаи Исроил аҳоли тураржойларига ҳужум уюштириб, «мудҳиш жиноят» содир этгани ва бунинг учун «оғир жазога мустаҳиқ этилиши» ҳақида баёнот берган.

Хабарларга кўра, Эрон дастлабки жавоб сифатида Исроил томон юзлаб дрон учирган.

Исроил маъмурияти Эроннинг жавоб зарбалар бериши муносабати билан фавқулодда ҳолат эълон қилган ва мамлакат ҳаво ҳудудини ёпган.

Бош вазир Нетаняҳу Исроил аҳолисини егуликларни ғамлаш ва бункерларда кўпроқ вақт қолишга тайёр бўлишга ундаган. У ҳарбий амалиётнинг биринчи босқичи муваффақиятли якунлангани ва амалиёт давом эттирилишини айтган.

Эътиборга молик жиҳати, Исроилнинг Эронга ҳужуми Вашингтон ва Теҳрон ўртасида ядро дастури бўйича музокаралар давом этаётган паллада уюштирилди. АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уй Исроилнинг Эронга ҳужуми режасидан аввалдан хабардор бўлгани, аммо амалиётда бевосита қатнашмаганини билдирган. Трамп АҚШ Исроилни ҳимоя қилишини ҳам қайд этган.

Сўнгги йилларда Исроил Эронга қарши бир қатор ошкора ва яширин ҳарбий амалиётларни ўтказди.

2024 йил 1 апрел куни Исроил Эроннинг Дамашқдаги консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштириб, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳамда дипломатик ваколатхоналар дахлсизлиги принцини қўпол равишда бузган эди. Ҳужум оқибатида икки нафар эронлик генерал, жумладан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг Сурия ва Ливан кучлари қўмондони Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳамда элчихонанинг 5 нафар ходими ҳалок бўлганди.

2023 йил 29 январга ўтар кечаси Исроил Эрондаги ҳарбий инфратузилма объектларини бомбалаган эди.

2021 йил апрел ойида Эроннинг Натанз шаҳрида жойлашган ядро иншоотида портлаш содир бўлди. Оқибатда уранни бойитиш дастури жиддий зиён кўрди. «The New York Times» портлаш Исроил томонидан амалга оширилган деган хулосага келган.

2020 йил 27 ноябр куни Теҳрон яқинида Эрон ядро дастурининг раҳбари Муҳсин Фахризода ўлдирилди. «Эрон ядро соҳасининг отаси» дея таърифланган олимнинг ўз ватанида ўлдирилиши расмий Теҳронни дарғазаб қилди. Кейинроқ ушбу қотиллик ҳам Исроил махсус хизмати томонидан амалга оширилгани юзага чиқди.

Тел-Авив расмийлари Эронга қарши уюштирилган операцияларни очиқ тан олмайди. Аммо Исроил разведкаси — «Моссад»нинг собиқ раҳбари Йоси Коэн 2021 йилда ОАВга берган интервюсида жосуслик хизмати томонидан сўнгги йилларда Эронга қарши амалга оширилган диверсион операциялар ҳақида илк бор очиқ гапирган эди. У Исроил махсус хизматининг Муҳсин Фахризоданинг ўлимига алоқадор эканини на тан олган, на рад этган. Аммо эронлик олим кўп йиллардан буён «Моссад»нинг нишонида бўлгани, чунки унинг ядро физикаси бўйича билимлари хавотир уйғотганини қайд этган. Йоси Коэн Натанз ядро объектида рўй берган аварияга ҳам Исроилнинг алоқадор эканига ишора қилган.

Айни пайтда Эрон ҳам, АҚШ ҳам кенг кўламли ҳарбий зиддиятни истамайди. Таҳлилчиларга кўра, Эрон билан очиқ қуролли зиддиятдан ягона манфаатдор сиёсатчи  бу — Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва унинг урушқоқ кайфиятдаги  маъмуриятидир.

Ғазо секторидаги хунрезлик, бир йилу саккиз ойдан буён гаровда қолаётган исроилликларни озод қила олмаслик, мамлакатдаги иқтисодий муаммолар, қолаверса, коррупция, авторитаризм билан боғлиқ айбловлар сабаб яҳудий жамоатчилигининг Нетаняҳуга қарши кайфияти кучаймоқда. Тобора кўп сонли аҳоли Нетаняҳу истеъфога чиқиши кераклигини талаб қилмоқда. Аксар экспертлар таъкидлаётганидек, бундай вазиятда Нетаняҳу учун ўз сиёсий умрини узайтиришнинг мақбул йўли Эрон каби қудратли давлат, азалий рақиб билан урушга киришдир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг