Испаниядаги ғорда қадимги хунрезлик излари топилди
Пиреней ярим оролида археологлар 7,3 минг йил муқаддам шафқатсизларча ўлдирилган одам қолдиқлари бўлган ғорни аниқлашди. Бу ҳақда «Nature» журналида мақола чоп этилган.
Топилмага Испаниянинг Уэска провинциясида Эль-Трокс номли ғорда дуч келинган. Олимлар жами 13 нафар одамнинг қолдиғини топишди. Уларнинг фикрича, қадимги одамлар бир вақтда ҳаётдан кўз юмишмаган. Орасидаги вақт тафовути тахминан минг йилларга бориб тақалади.
Археологлар бошқаларга қараганда олдинроқ ҳалок бўлган тўққиз кишидан иборат жамоа, жумладан, 4 та бола ва 5 та катта ёшли одам қолдиқларини ўрганишди. Радиоуглеродли таҳлилга кўра, улар тахминан милоддан аввалги 5325 ва 5067 йиллар орасида ҳаётдан кўз юмишган.
Мутахассислар одам қолдиқларида ўқ-ёй ва тўмтоқ буюм изларини аниқлашди. Бу уларнинг жазо қурбони бўлганини билдиради.
Археологларнинг тахминича, одамлар жамоасининг ҳалокатига ҳаётий манбалар учун рақобат сабаб бўлган. Ҳисоботда ёзилишича, Эль-Троксдаги каби қирғин Испанияда ҳам, Европанинг бошқа жойларида ҳам учрамайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter