Ислом цивилизацияси марказида амалий-семинар бўлиб ўтди (видео)

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Марказ Васийлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда марказ экспозициясини бойитиш, илмий-инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда Марказнинг ижтимоий-маърифий ва илмий-амалий маскан сифатидаги фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди ва Васийлик кенгаши томонидан 9 та йўналиш бўйича кичик ишчи гуруҳлари таркиби тасдиқланди.
Кенгаш томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 13 март куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида "Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитиш ва такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари" мавзусида республика амалий-семинари бўлиб ўтди.
Семинар Ислом цивилизацияси марказининг илмий-амалий ва маърифий йўналишдаги фаолиятини ривожлантириш, экспозицияни бойитиш ҳамда замонавий музей технологияларини татбиқ этиш масалаларига бағишланди.
Семинарда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, марказ ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси, Миллий кутубхона, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Тошкент Ислом институти, Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси каби муассасалар раҳбарлари, мутахассислари ва олимлар иштирок этдилар.
Йиғилиш давомида ЎзР ФА вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Республика маънавият ва маърифат маркази директори Отабек Ҳасанов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова ва бошқа иштирокчилар марказ экспозициясини бойитиш, илмий тадқиқотлар ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маърузалар қилдилар. Шунингдек, музей экспозициялари учун янги илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш, тарихи ва маданий меросни асраб-авайлаш бўйича таклифлар муҳокама қилинади.
Семинарнинг асосий қисмида марказ ходимлари ва мутахассислар томонидан тайёрланган янги лойиҳалар, жумладан, музей экспозициясидаги мультимедиа элементларини жорий этиш, янги қўлёзма ва архив материалларини тадқиқ қилиш каби устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Семинар якунида иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар асосида Марказ фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу каби тадбирлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий ва маърифий платформа сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter
Изоҳлар мавжуд эмас