Иккита саволим бор...
Ассалому алайкум, Бегзод Хўжаев домла!
Мавзуларга компетенциявий ёндашув ҳақидаги фикрларингизга юз фоиз қўшиламан. Ўзим ҳам ҳар бир мавзуга компетенциявий ёндашишга, атроф-муҳитдан, ҳаттоки тарбиявий аҳамиятга эга фильмлардан ўтиладиган мавзуларга боғлиқлик излашга ҳаракат қиламан. Чунки математика фани ҳаётимнинг мазмунига айланган.
Мен дарсликни айблаётганим йўқ. Уни тузувчи олимларга эътирозларимни билдираяпман холос. Бир нарсани айтишим мумкинки, «поезд кетиб бўлди», беш юз мингдан ортиқ ўқувчи дарсликдан фойдаланмоқда.
Дарсликлар яратиш бўйича ҳар йили туман халқ таълими бўлимларига таклифлар бериб борамиз. Лекин бу таклифлар ҳеч қачон Тошкент шаҳрига етиб бормайди.
Сиз ва сиз каби олимларга, дарслик муаллифларига иккита саволим бор.
- Кейинги 2018—2019-ўқув йилида коллеж ва лицей битирувчилари 11-синф ўқувчилари билан бирга ўқишни тугатиб, бирга кириш имтиҳонларини топширишади. Ўқитилаётган дастурлар эса икки хил. Тест саволлари қайси дастур асосида тузилади? Икки хиллик бўлса адолат бузилмайдими?!
- Интернетдан самарали фойдаланиш ҳақида бонг урамиз. Нега ўзбекча сайтларда мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари учун фанлар бўйича мавзуларга оид биронта мазмунли материал жойлаштирилмаган? Моддий манфаатдорлик йўқми ёки вақт тиғизми? Бундан бир неча йил олдин «Маърифат» газетаси мухбирлари билан шу масала юзасидан тортишганимда, газета таҳририятида математика фани бўйича яхши мутахассис йўқлигини рўкач қилишган.
Юқоридаги саволларимга аниқ жавоб олгач, баҳсни тўхташишга розиман.
Муроджон Хўжаниёзов, математика ўқитувчиси.
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter